Бухоро вилояти Вобкент туманида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов томонидан вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон, Ромитан, Пешку ҳамда Бухоро туманлари фуқаролари қатнашган мазкур тадбирда 57 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
Хабарда айтилишича, мурожаатларнинг асосий қисми туғма юрак нуқсони, таянч-ҳаракат аъзолари, асаб тизими, буйрак ва нафас йўллари хасталиклари юзасидан бўлган. Уларнинг аксарияти имтиёзли асосда вилоят тиббиёт муассасалари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниши белгиланган.
Жумладан, юрак жарроҳлик амалиёти орқали даволанишда амалий ёрдам сўраган вобкентлик Мафтуна Эргашевага Республика ихтисослаштирган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказига даволаниш ва операция қилиш учун имтиёзли асосда йўлланма берилган. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжи бор яна бир вобкентлик Жалил Жураевга шу ернинг ўзида ногиронлик аравачаси тақдим этилган.
Шофиркон туманидан Ўғилой Камолова эса бош мия хасталиги билан оғриган набираси Мирзоҳид Хайруллоевнинг даволаниши учун амалий ёрдам сўраган. Ушбу мурожаат юзасидан вилоят тиббиёт муассасаларидан педиатр, психиатр, невропатолог, ортопед каби етакчи мутахассисларни туманга юбориб, беморни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, тажрибали мутахассислар иштирокида консилиум қилган ҳолда вилоят ёки республика тиббиёт муассасаларида даволаш чораларини кўриш белгиланган.
Сайёр қабулда ромитанлик Дилмурод Саидовнинг муаммоси ҳам ечим топган. У икки томонлама коксартроз операциядан кейинги ҳолат ташхиси билан даволаниш ва операция учун амалий ёрдам сўраган эди. Уни эндопротез билан таъминлаш масаласи шу куннинг ўзида ҳал қилиниб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида имтиёзли равишда операция қилиш ва даволаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилган бўлиб, фуқаролар вазирликнинг расмий веб-сайти — www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориши мумкин. Ҳар бир мурожаат шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан кўриб чиқилиб, назоратга олинади ҳамда қонун доирасида ҳал этилади.
Изоҳ (0)