Ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, -64 вазн тоифасида Озарбойжондаги «Буюк Ипак йўли» халқаро мусобақасида иштирок этган Алиёр Норалиев мезбон спортчига қарши жанг вақтида бошидан жиддий жароҳат олиб, тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб борилгани тўғрисида хабар берилганди.
GoSport мухбири спортчи билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди.
Озарбайжонлик боксчига қарши биринчи жангимнинг 1-раундидаёқ рақиб билан бошимиз қаттиқ тўқнашиб кетди. Ўша вақтда қисқа танаффусдан сўнг ўзимга келиб, жангни давом эттирдим. Рақиб устидан ғалаба қозониб, аллақачон кейинги жангга ўзимни тайёрлаётгандим. Кийимларимни алмаштириб залга қайтганимда ўзимни бироз ёмонроқ ҳис қилдим ва ташқарига чиқишга қарор қилдим. Аммо ташқарида ҳам бироз ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Кўзим олди қоронғилашиб кета бошлади. Йиқилишимни ҳис қилиб шифокорлар ёнига қараб юра бошладим. Лекин улгурмадим… Қолганини эслолмайман.Кўзимни очсам, Бокудаги шифохонанинг реанимация бўлимида ётибман. Нима бўлганини аввалига тушунмадим. Кейин сўрасам, ҳушимни йўқотганим, тилим орқага кетиб қолганини айтишди. У ерда ҳам шифокорлар текширишди. МRT қилишди. Илгари ҳам кичик жароҳатлар олганим бу сафарги жиддий жароҳатга таъсир қилганини айтишди.
Тошкентга келдик. Энди режа бўйича бу ерда ҳам МRT қиладиган бўлдик. Шифокорлар билан маслаҳатлашиб, яна ишлашда давом этамиз. Ҳозирча тахминан икки ой давомида бокс билан шуғулланмаслигим кераклигини айтишди.
Алиёр Норалиев, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)