Жорий йилнинг 2 апрель куни Адлия вазирлигида The Economist Intelligence Unit Британия компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
The Economist Intelligence Unit — The Economist (EIU) журналининг 1946 йилда асос солинган аналитик бўлими ҳисобланади. Унинг асосий мақсади кўплаб мамалакатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда йирик трансмиллий корпорациялар учун бизнесни таҳлил қилиш ҳисобланади.
The Economist Intelligence Unit сайлов жараёни масалалари, плюрализм, ҳукумат фаолияти, фуқаролар эркинлиги, сиёсий маданият ва мамлакатда аҳолининг сиёсий фаоллиги каби кўрсаткичларга асосланган халқаро демократик индекс ва мамлакат хатарлари индекси каби муҳим халқаро индекслар тузади.
Адлия вазирининг ўринбосари Х.Мелиев меҳмонларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Адлия вазирлигининг халқаро ташкилотлар томонидан умумий қабул қилинган рейтингларда мамлакат позициясини яхшилашдаги ўрни ҳақида сўзлаб берган.
Учрашув чоғида томонлар давлат ва жамоат қурилишининг турли соҳаларида эришилган ютуқларнинг самарадорлигини баҳолаш учун халқаро ташкилотлар томонидан қўлланиладиган методология ва мезонлар бўйича фикр алмашган.
Тадбир якунида The Economist Intelligence Unit Британия компаниясининг делегацияси халқаро ҳамжамиятга мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида холис маълумот беришга ва республиканинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсиялар беришга тайёр эканини билдирган.
Изоҳ (0)