Тошкент шаҳар Олмазор туманида Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилади. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
Ушбу мактаб «Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида»ги қарор лойиҳасига асосан ташкил этилмоқда.
Қарор лойиҳасига кўра Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Олмазор туманидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактаби негизида Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик бериш кўзда тутилган.
«2019—2020-ўқув йилидан бошлаб, ихтисослаштирилган мактабнинг 5-6-7-синфларига ҳамда 2020—2021-ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади», — дейилган лойиҳада.
2019 йилнинг 1 августига қадар ихтисослаштирилган мактабнинг мавжуд биносини мукаммал таъмирлаш ва собиқ биносини реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишларини якунлаш режалаштирилган.
Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчиларини белгиланган тартибда жалб этиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)