1 апрель куни Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Тошкентнинг Олмазор туманидаги 100, 102 ва 106-сонли мактаб-интернатида бўлиб, ўқувчилар учун китоблар жамланмасини тақдим этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Кун аввалида ҳар учала мактабда ҳам Мудофаа вазирлигининг 600 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари иштирокида «Меҳр улашиб» шиори остида хайрия ҳашари уюштирилган. Мактаблар боғига экилган дарахтлар оқланган, таги юмшатилган, анвойи гуллар экилган, манзарали ўсимликларга қайта ишлов берилган. Ер сатҳида кўриниб турган эски дарахт кундалари олиниб, уларнинг ўрнига янги мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилган.
«Мактаб боғи ва ҳовлисида йиғилиб қолган анча ишимиз бор эди. Ҳарбийларимиз эрта тонгдан келиб, ҳаммаёқни обод этишди. Анча пайтдан бери шу ишларга ҳеч вақт ажратолмаётган эдик. Бугун ҳарбий хизматчилар чинакам маънода юртдошларимизга ҳар жабҳада ўрнак бўлишаётганини исботлади. Биласиз, бу ер кўнгли ярим, аммо орзу-мақсади олам-олам бўлган мурғак болалар маскани», – дейди Олмазор туманидаги 100-сонли мия фалажи ва таянч ҳаракат тизимида нуқсони бўлган болалар мактаб-интернати директори Тоҳир Матёқубов.
Мактаб-интернатга кириб келаётган Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов боғда ҳарбий хизматчилар билан бирга кўчат ўтқазаётган ўқувчиларни кўриб, уларнинг олдига борган. Янги дарахт кўчатини тутиб турган ўқувчи билан биргаликда ниҳол эккан. Бу Мудофаа вазири ва мактаб ўқувчиси эккан кўчат!
Шундан сўнг мактаб-интернати ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилган, шеър ва қўшиқлар тингланган. Айниқса, гапириш ва эшитиш қобилияти заиф ўқувчилар томонидан тайёрланган мусиқали саҳна кўриниши беихтиёр кўзларга ёш келтирган.
Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ўқувчиларга китоблар улашар экан, ўзининг эзгу ва самимий тилакларини ҳам билдириб ўтган.
Мудофаа вазирининг энг севимли 3 китоби рўйхатидан Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Эрих Мария Ремаркнинг «Уч оғайни» ва Габриэль Гарсия Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» китоблари жой олган эди.
Изоҳ (0)