Украина Марказий сайлов комиссияси протоколларнинг 60 фоизини санаб чиққач расман сайловларда ҳеч бир номзоднинг кўпчилик овоз қўлга кирита олмаслигини маълум қилган, дея хабар беради «ТАСС». Мамлакатда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи ўтказилади.
«Мен иккинчи босқич ўтказилишини маълум қиламан, олдимизда жуда катта вазифа турибди, чунки якуний натижалар ва 21 апрелда ўтказиладиган сайлов ўртасида вақт жуда қисқа», — дейди брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси Татьяна Слипачук.
Айни дамда Украина МСК 62,74% протоколларни санаб чиққан. Унинг якунларига кўра, сайловолди ташвиқот пойгасида етакчилик қилган Владимир Зеленский бошқа номзодлар устидан ғалаба қозонган, у 30,40% овозга эга. Иккинчи ўриндан эса Порошенко жой олган —16,34%. Унинг ортидан «Баткившина» партияси етакчиси Юлия Тимошенко — 13,09 фоиз.
Овоз бериш якшанба куни соат 20:00 да тугаган. Украинадаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичи 21 апрель куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)