Жорий йил 31 март куни Деҳқонободда туман ҳокимлиги ташаббуси ва Калий заводи ҳомийлигида туманнинг Даштқўтон кенгликларида 20 та кам таъминланган оила фарзандининг хатна тўйи ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Қарийб 20 минг киши иштирок этган тўйда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳам иштирок этиб, хонадон соҳибларини чин дилдан қутлади. Калий заводи ҳомийлиги билан ташкил этилган тўйда ҳар бир болага велосипед ҳамда пул мукофоти берилди.

Фото: «Дарё»

— 6 ёшли Муслимбек ўғлимнинг тўйида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳам иштирок этди, — дейди Моҳира Муқимова. – Тўғриси, ўғлим 6 ёшга кирса ҳам тўйини ўтказишга қийналиб келаётгандик. Шукурки, туман ҳокимига қилган мурожаатимиз ва Калий заводининг ҳомийлигида бугун ўғлим Муслимбек Алланазаров ва яна 19 нафар боланинг ҳам тўйи ўтказиб берилмоқда. Тўйимизга туманнинг энг чекка ҳудудларидан ҳам меҳмонлар келишган. Шунинг учун ҳам мен бугун дунёдаги энг бахтли оналардан бирига айландим.

Фото: «Дарё»

Хайрия тўйида шунингдек, кўпкари мусобақаси, волейбол, цирк томошаси ва китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

Туман ҳокимлиги масъулларининг маълумот беришича, кўпкарида вилоятнинг барча ҳудудларидан келган 500 нафар чавандоз иштирок этиб, совринга қўйилган туя ва қимматбаҳо совғаларни қўлга киритган.

Фото: «Дарё»

Туман ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган китоб ярмаркасида эса 5000 та бадиий китоб сотувга қўйилган бўлиб, тадбир иштирокчиларининг қизиқишига сабаб бўлган.

Фото: «Дарё»

Хатна тўйда пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар ва вилоят мусиқали драма театри актёрлари ҳам иштирок этди.