Тошкентнинг Чилонзор тумани аҳолисининг мавжуд муаммолари ҳамда бугунги кунда ҳал бўлмаётган долзарб масалалари ечимини топиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент шаҳар ДСБ матбуот хизмати хабар берган.
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Нормат Турсунов бошчилигида тумандаги 4-сектор масъуллари аҳолидан келиб тушган уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш тизими ва бошқа ижтимоий, иқтисодий, маиший масалаларга оид мурожаатларни атрофлича кўриб чиқди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Жумладан, Чилонзор тумани «Ботирма» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро, I гуруҳ ногирони Тоҳир Набижонов бир йил аввал турмуш ўртоғига ногиронлик аравачаси сўраб, маҳаллага мурожаат қилган. Аравачадан ҳалигача дарак йўқ. Сайёр қабулдан сўнг Т.Набижоновга икки кун муддатда ногиронлик аравачаси етказиб бериладиган бўлди.
«Маҳалламиздаги бир нечта муаммоларни ҳал этиш учун келгандим. Маҳалламизда уч нафар вояга етмаган фарзанди бор бир бева аёлнинг коммунал тўловдан қарзлари кўпайиб кетган. У бугун турмушнинг муштидан азият чекмоқда. Бундан ташқари, маҳаллада ёлғиз яшайдиган кекса аёл ҳам бор. Уларга моддий ёрдам кўрсатиш зарур», — дейди Чилонзор тумани «Катта Дўмбиробод» маҳалласи раиси ўринбосари Ғолиб Набиев.
Сайёр қабулда Чилонзор тумани 16-мавзе, 24-уй, 17-хонадонда яшовчи фуқаро Гулчеҳра Абдувоҳидова ҳозир онкологик касаллиги, коммунал тўловлар бўйича қарздорлиги кўплиги сабабли, моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ушбу мурожаатни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилди.
Ечими маълум вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга аниқ кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Изоҳ (0)