«Барселона» раҳбарияти Маркус Рэшфорд учун «Манчестер Юнайтед»га 2 нафар ўйинчисини беришга тайёр. Бу ҳақда El Mundo Deportivo хабар берди.
Манбада ёзилишича, «Манчестер Юнайтед» 21 ёшли футболчини Филиппе Коутиньо ва Малкомга алмаштириш таклиф қилинса, Англия клуби уни сотишга рози бўлиши мумкин. «Барселона» эса бу йўлни танлаши мумкин. Боиси клуб бу орқали клубдаги маошлар миқдорини камайтириб олишга эришади.
Аввалроқ Каталония клуби Рэшфорд трансфери учун 100 миллион фунт атрофида маблағ тўлашга тайёрлиги ҳақида хабарлар берилганди. Шунингдек, Маркуснинг ўзи ҳам Оле-Гуннар Сульшер қўл остида ўйнашда давом этиш истагидалиги маълум бўлганди. Маълумот учун, Сульшер бугун расман «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи этиб тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Рэшфорднинг «манкунианлар» билан тузган шартномаси 2020 йилнинг ёзида тугайди. Шартномани узайтириш борасидаги музокаралар эса ҳозирча муваффақиятли якун топаётгани йўқ.
Таъкидлаш жоиз, Европа Чемпионлар Лигасининг 1/4 финалида «Манчестер Юнайтед» «Барселона»га қарши майдонга тушади. Дастлабки учрашув 10 апрель куни, жавоб ўйини эса 16 апрелда бўлиб ўтади.
Маълумот учун Маркус Рэшфорд жорий мавсум Англия премьер лигасида 26 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол урди ва 7 та голга ассистентлик қилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)