Муҳандис Владимир Шуховнинг «Тўрсимон дастхат»и бугун яна қайта жонланди, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

92 ёшли сув иншооти тарихий ва ҳамиша навқирон Шарқ жавоҳирининг архитектура қадамжоси сифатида ишлашни бошлади.

Жорий йилнинг 24 март куни «Шухов минораси»нинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилоятининг туризм масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Б.Шаҳриёров, Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вилмор хоним, Бухоро шаҳар ҳокими К.Камолов, Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш бўлинмаси раҳбари Ф.Хўжаев, Бухоро шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва хорижлик меҳмонлар иштирок этди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Қизил тасмани кесиш маросимидан сўнг видео ролик томоша қилиш орқали меҳмонлар ушбу минора тарихи билан яқиндан танишди. Бинонинг биринчи қаватида кафе, авиа ва темирйўл чипталари кассалари, шаҳар меҳмонлари учун инфо марказларни очиш режалаштирилган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ичкарида қурилган лифт орқали юқорига кўтарилганда ташриф буюрганларни иккинчи қаватдаги ресторан мамнун этган. Бу тўрли иморатнинг учинчи қаватиданоқ бинокл орқали сирли Бухоронинг эртакнома гўзаллигини кузатиш имкони мавжуд. Бу эса туризм соҳасида янги имкониятларга йўл очади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати