25 март куни Қуролли Кучлар академиясида Россия Федерациясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида информатика фани бўйича ҳамда олий таълимгача муассасалари ўқувчилари ўртасида математика ва физика фанлари бўйича ўтказилган халқаро олимпиада совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Унда Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазирлик марказий аппарати офицерлари, халқаро олимпиадада иштирок этган ёшлар қатнашган.
Халқаро олимпиаданинг информатика фани бўйича Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсантарининг иккита жамоаси иштирок этиб, битта йўналишда юқори натижани қайд этган эди. Олимпиаданинг мутахассислик тайёргарлиги йўналиши бўйича якуний натижаларга кўра, ўзбекистонлик курсантлар умумжамоа ҳисобида 2-ўринни қўлга киритган.
Шунингдек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг олий таълимгача муассасалари ўртасида математика ва физика фанлари бўйича ўтказилган биринчи олимпиадада Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари 2-ўринни қайд этган.
Тадбир давомида Баҳодир Қурбонов V халқаро олимпиадада муваффақиятли иштирок этган ҳамюртларимизга миннатдорчлик билдириб, ҳарбий хизматчилар томонидан халқаро майдонларда қўлга киритилаётган ютуқлар бутун мамлакат ютуғи эканини таъкидлаб ўтган.
Хизмат бурчини виждонан бажараётган ва Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган шахсий таркибни рағлаблантириш ҳамда кейинги халқаро олимпиадаларда бундан ҳам юқори савияда иштирок этишларига замин яратиш мақсадида курсантлар, ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларига Ўзбекистон мудофаа вазири томонидан қимматбаҳо совғалар топширилган.
Изоҳ (0)