Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Туркиянинг «Yildirim Enerji Holding A.Ş» компанияси билан «Head Of Terms» (Битимнинг асосий шартлари) битими имзоланди. Бу ҳақда «Дарё»га Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳадан мақсад комбинациялашган иссиқлик электрстанцияси қуришдан иборат.
Мазкур учрашув «Yildirim Enerji Holding A.Ş» компанияси делегациясининг жорий йилнинг 4—12 март кунлари амалий сафари давомида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат-хусусий шерикчилик бўйича агентлиги вакиллари билан ўтказилган учрашувларнинг давоми бўлди. Ушбу музокараларда электрэнергия хариди бўйича якунда битим (РРА) имзолаш масаласи муҳокама қилинган эди.
Режага кўра, Сурхондарё вилоятида табиий газда ишловчи қуввати 900 МВт бўлган комбинациялашган электрстанцияси қурилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, «Yildirim Enerji Holding A.Ş» компанияси Туркияда ҳамда АҚШ, Испания, Россия ва бошқа хорижий давлатларда ҳамкорликда 50 га яқин инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Асосий лойиҳалар энергетика, логистика, тоғ-кон саноати, фойдали қазилмаларни ўзлаштиришга қаратилган.
Жумладан, «Yildirim» хром қазиш бўйича дунёдаги етакчи учта компаниядан бири саналади. Туркияда эса ушбу компания кўмир ёнилғисида ишловчи қуввати 2500 МВт бўлган электрстанциясини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.
Бугунги кунда компаниянинг Туркия, Қозоғистон ва Россия давлатларида тоғ-кон саноати корхоналари фаолият кўрсатмоқда. «Yildirim Enerji Holding A.Ş» компанияси Ўзбекистондаги фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида энергетика ва кимё саноати йўналишидаги лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб олган.
Изоҳ (0)