2019 йил 24 март куни Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси Исломобод шаҳрида Наврўз муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.
Байрамда Покистоннинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармон, журналистик ва илмий-академик доиралари, хорижий дипломатик корпус вакиллари қатнашган.
Байрам тадбири доирасида Ўзбекистон павильони ташкил этилган. Павильон Ўзбекистоннинг, хусусан Наманган вилоятининг туристик салоҳиятини ва иқтисодий имкониятларини акс эттирувчи сурат ва расмлар билан безатилган.
Байрам иштирокчилари ўзбек амалий санъатининг турли хил буюмлар, жумладан машҳур чуст пичоқлари, қўл меҳнати орқали ипакдан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда покистонлик сайёҳларнинг Наманган вилоятига «Зиёрат-туризмни» амалга оширишлари учун махсус ишлаб чиқилган туристик йўналишлар билан таништирилган.
Меҳмонлар ўзбек анъанавий ошхонаси билан танишиш, шунингдек ош, манти, сомса ва ширинликлардан таътиб кўрган.
Ўзбекистон павильони ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотган. Покистон Ислом Республикаси президенти Ариф Алви ва унинг рафиқаси павильоннинг фахрий меҳмонлари бўлган. Улар ўзбек халқининг бой маданий-тарихий меросини ва такрорланмас миллий ошхонасини юқори баҳолаган.
Изоҳ (0)