Андижон вилоятидаги таълим, соғлиқни сақлаш масканлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари ўзлари таҳсил олган мактаб кутубхоналарига бадиий адабиётлар совға қилишмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масалаласига тўхталиб, «Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб, китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади», — дея таъкидлаган эди.
Андижонлик амалдорлар ҳам Президент ташаббусини қўллаб-қувватлаб, ўзи таҳсил олган таълим муассасаси кутубхонасига шахсий китоб жавонидан китоблар туҳфа этмоқда.
Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадамин Мадазимов Андижон шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюрди ва муассаса ахборот-ресурс марказига 25 дона бадиий китобларни тақдим этди. Ректор ўқувчилар билан китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти борасида шахсий фикр-мулоҳазалари, ҳаётий хулосаларини ўртоқлашди.
Вилоят «Она ва бола скрининг» маркази директори Раънохон Саттарова Жалақудуқ туманидаги 4-мактабда бўлиб, 115 дона турли адабиётларни тақдим этди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Андижон вилояти Кенгаши раиси Ойбек Йўлдошев ҳам унга илк сабоқни бериб, катта ҳаётга учирма қилган қадрдон маскани — Андижон шаҳридаги 35-сонли давлат ихтисослаштирилган мактабда бўлди. У муассаса кутубхонаси учун 25 дона китобни совға қилди.
Вилоят раҳбарларининг хайрли ташаббусдаги фаоллиги давом этмоқда.
Изоҳ (0)