«Дарё» ўтаётган ҳафтада мамлакат ҳаётида содир бўлган муҳим воқеаларни шарҳлаб ўтади.
Охирги йилларда ишлатилмай келаётган Толимаржон газ конидаги қудуқлар қайта тикланиб, маҳсулот қатлами очилди ва катта босимда газ чиқди. Ҳозир кондан бир суткада 250 минг кубметр газ олиняпти. Толимаржон кони ҳам кирадиган Култоғ-Қамаши инвестицион блокида 69,3 млрд кубметр газ захираси бор. Бу Ўзбекистон бир йилда қазиб оладиган газ миқдоридан сал кўпроқдир.
* * *
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг истеъфосини юртимиз тўғрисидаги хабарларга қўшдик, чунки энг яқин қўшниларимизда бўлган катта ўзгариш мамлакатимизда ҳам акс-садо бериши табиий. Хавфсизлик кенгаши ва «Нур Отан» партияси раиси лавозимини сақлаб қолган собиқ элбоши билан Шавкат Мирзиёев телефон орқали суҳбатлашди ҳамда унга куч-қувват тилади.
* * *
Дунёнинг энг қиммат ва энг арзон шаҳарлари рейтинги аниқланадиган Worldwide Cost of Living ҳисоботида Тошкент энг арзон шаҳарлар орасида учинчи ўринни эгаллади. Бу рўйхатда Тошкент юқорисида Суриянинг Дамашқ, Венесуэланинг Каракас шаҳарлари бўлса, қуйида Қозоғистоннинг Олмаотаси жойлашгандир.
* * *
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек ва Maxтумқули кўчалари кесишмасида баландлиги 57 метр бўлган Ўзбекистон байроғи ўрнатилди. Бу ерда «Наврўз» номли сайлгоҳ очилди ва мусиқали фаввора ҳам ишга тушди. Бухоро вилояти ҳокимлиги биноси олдида баландлиги 65 метрлик байроқ ўрнатилди.
Улкан байроқ ўрнатиш Марказий Осиё учун сўнгги йилларда одатга айланган. Ходасининг узунлиги 165 метр, матосининг ўлчами 60х30 метр ва вазни 420 килограмм бўлган Тожикистондаги байроқ Гиннеснинг рекордларидан ўрин олган.
* * *
Юртимизда Наврўзи олам кенг нишонланди. Humo Arena комплексида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклади. Шавкат Мирзиёевни ҳам Си Цзиньпин, Нурсултон Назарбоев, Эмомали Раҳмон ва бошқа давлатлар раҳбарлари Наврўз билан қутлади. Бу куни Наманганда етти тоннали катта сумалак тайёрланди. Бошқа вилоятларда ҳам тантанали тадбирлар уюштирилди. Тошкент вилоятида маҳкума аёллар учун Наврўз байрами ташкил этилди.
21 март куни атоқли шоир Абдулла Ориповнинг 78 йиллиги ҳам нишонланди.
* * *
Кўплаб марта кўрилган, ўқилган ва муҳокама қилинган воқеалардан бири Муниса Ризаеванинг Қашқадарё Чиялидаги концерти бўлди. Унда минглаб мухлис қўшиқчининг саҳнасини ўраб олганини кўриш мумкин. Хонанда халқимизнинг санъатсеварлигидан мамнунлик билдирган. Маълум бўлишича, бадавлат чиялликлар ҳар мавсумда таниқли қўшиқчини олиб келиб, ҳамқишлоқларига концерт уюштириб беради.
* * *
Ўтган ҳафтада партия раиси ва вазирликлар ўртасида сезиларли баҳс кузатилди. «Миллий тикланиш» партияси раиси Сарвар Отамуродов тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган тўртта махсус мактабга бориб вазиятни ўргангач, «...криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-торож... Хулқи оғир болалар учун мўлжалланган мактабларда ҳомиладор қизлар бор» дея баёнот берди. Аммо Халқ таълими вазирлиги танқидга кечиктирмай жавоб қайтарди. Жавобда Отамуродов келтирган маълумотлар қайд этилмагани, тарбияланувчиларнинг ҳомиладорлиги ҳақида тарқатилган нотўғри маълумотлар эса 11—14 ёшли қизларни таҳқирлаётгани келтирилган. Партия раиси ўз чиқишида Маданият вазирлигини ҳам танқидга тутган, Маданият вазирлиги бунга «тош отишнинг турли йўллари борлигини биз ҳам биламиз», деб жавоб қайтарган.
Бундан ташқари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновнинг танқидига Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким жавоб қайтарди. «Агентлик раҳбарининг уюшма ишлаётганини кўрмаяпман, дейишини мен одоб доирасида эмас, деб биламан», деди Саъдулла Ҳаким.
Изоҳ (0)