Бугун, 21 март куни Мудофаа вазирлиги спорт мажмуасида Наврўз айёмига бағишланган байрам танталари кенг нишонланди. Унда Ўзбекистон мудофаа вазирлиги раҳбарияти, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда таниқли ўзбек хонанда-ю созандалари иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Карнай-сурнай садолари остида бошланган сайлда ҳарбий хизматчилар томонидан миллий урф-одат ва анъаналарга, бетакрор қадриятларга садоқат, юртни кўз қорачиғидек асраш, ватанпарварлик туйғулари акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилган. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, ҳарбий оркестрларнинг чиқишлари, «Шарқона янги йил» тарихига оид бадиий чиқишлар барчага кўтаринки кайфият улашган.
Сумалак, ҳалим, кўк сомса каби баҳорий таомлардан иборат дастурхонлар кўргазмаси, халқ ўйинлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда бугунги тинч-осуда ҳаёт, турли соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазмалар ташкил этилган.
«Бугун, неча минг йиллик тарихимизга айланган Наврўз айёмини биргаликда кутиб олиш бахтига муяссаб бўлиб турибмиз. Наврўз — янгиланиш, яшариш байрами. Бу каби байрамлар тинчлик ҳукмрон сураётган юртга ярашади. Шундай экан Ўзбекистонимиз доимо тинч, юртимиз фаровон бўлсин. Барчамизнинг жамики яхши ниятларимиз рўёбга чиқсин», — дея сайлга йиғилганларни мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов муборакбод этади.
Байрам давомида Мудофаа вазирлиги марказий аппарати бошқармалари ўртасида «Моҳир ошпазлар», «Баҳорий гуллар», «Сумалак сайли» номли кўрик-танловлар ўтказилган бўлса, Наврўз сайлида ташкил этилган шахмат-шашка, стол тенниси, арқон тортиш, волейбол, миллий кураш каби мусобақалар барчага олам-олам завқ бахш этган.
Сайлда Мудофаа вазирлиги марказий аппарати шахсий таркиби томонидан лапар, ялла, айтишувлар ижро этилган. Наврўз сайлининг барча иштирокчилари байрам тадбирларида иштирок этиш, полвонлар беллашувини кузатиш, «Ёр-ёр» ва «Ўланлар» айтишувларида қатнашиш имконига эга бўлган.
Байрам тадбирлари дала ўқув машғулотлари майдонида ҳам бир неча кун бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)