«Наврўз» байрами арафасида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида манзилли дастур асосида 24х48 м ўлчамли, кунига 420 нафар спортчи шуғулланиш имконига эга замонавий универсал спорт зали фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур объект қурилиши учун 4 миллиард 300 миллион сўм сарфланди, спорт иншооти 187,6 млн сўмлик спорт анжомлари ва инвентарлари билан таъминланди. Сирдарёлик ёшлар гимнастикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тасарруфидаги мазкур мажмуада бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, батутда сакраш, спорт акробатикаси, аэробика каби спорт турлари билан шуғулланиши мумкин.
Гимнастикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби универсал залининг очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, Ўзбекистон гимнастика федерацияси биринчи вице-президенти Руслан Мустаев, трамполин бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, Олимпия ўйинлари совриндори Екатерина Хилко ва бошқалар иштирок этди.
Тадбир давомида Осиё ўйинлари кумуш медали соҳибаси Сабина Тошкенбоева, ўсмирлар Олимпия ўйинлари қатнашчиси, Осиё чемпиони Анора Давлатова сингари спортчилар сирдарёлик ёш спортчиларга маҳорат дарси ўтиб берди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)