Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги 2018 йилда амалга оширилган ишлар бўйича Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини юксак баҳолади. Шу муносабат билан 2019 йил учун квотани 3200 кишига етказди (2018 йилга нисбатан 100 нафар ортиқ). Бу ҳақда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг Facebook’даги саҳифасида хабар берди.
Қабул қилинган квотани тўлиқ қоплаш учун 4980 кишилик мурожаат этувчилар рўйхатини (саноат соҳасида 4800 киши, хизмат кўрсатиш соҳасида 180 киши) ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ушбу рўйхатдан 3200 киши Корея Республикасида иш билан таъминланади.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ Ўзбекистон фуқароларини Кореяда иш билан таъминлаш бўйича жиддий ишлар олиб борилмоқда.
2003 йил 16 августда Корея Республикасида «Хорижий фуқароларни ишга ёллаш тўғрисида» қонун қабул қилинган. Унга кўра, 2004 йилда чет элликлар учун саноат таълимига параллел равишда чет элликларни «эркин ишга ёллаш» тизими жорий этилган.
2018 йил ҳолатига кўра, ушбу тизим аъзолари сафига 16 мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳам киради.
Ушбу тизимда Корея меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган тенг ҳуқуқ ва кафолатлар хорижлик ишчига кореялик ишчи билан бир қаторда берилади.
«Эркин ишга ёллаш» тизимининг асосий омилларидан бири шундаки, Корея ҳукумати чет эллик ишчиларни жалб қилиш жараёнини тартибга солади ва ишчиларни танлаш фақат бевосита корейс иш берувчилари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон фуқаролари уйга қайтиб келганда билим ва кўникмаларидан ўз ишида фойдаланади ёки ўз бизнесини бошлаш орқали мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшади.
Изоҳ (0)