Сирдарё вилоятида ҳам ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла раиси ва фаоллари, фидокор ёшлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, жиноятчиликка қарши кураш бўйича самарали натижаларга эришмоқда. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ матбуот гуруҳи «Дарё» га хабар берди.
Натижада 2019 йилнинг ўтган 2 ойи давомида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятлар сони 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоиз камайишига эришилган.
Ўз ўрнида, давлат раҳбарининг 2018 йил 24 декабрь кунидаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, қолганларга ўрнак бўлган бир қатор ички ишлар органлари ходимлари ва маҳалла фаоллари эътироф этилмоқда.
Жумладан, куни кеча Гулистон шаҳрининг «Билимдонлар майдони»да бўлиб ўтган тадбирда жиноятлар сони камайишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 126 нафар намунали профилактика инспектори, 25 нафар маҳалла раиси ва 12 нафар маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол мутахассислари ҳамда 14 нафар профилактика инспектори ёрдамчилари, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда ички ишлар органларига яқиндан ёрдам берган 11 нафар «Фидокор ёшлар»жамоатчилик патруль аъзолари вилоят сектор раҳбарлари иштирокида тантанали равишда пул мукофоти билан тақдирланган.
Изоҳ (0)