Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ал-Сауд журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишидан бир йил олдин мухолифатни бостириш кампаниясини бошлаган, бу эса жумладан, қироллик фуқароларини кузатиб бориш, ўғирлаш ва қийноққа солишни кўзда тутган, дея хабар беради «ТАСС».
Нашр маълумотларига кўра, ушбу хабар Америка разведкаси материаллари билан танишган америкалик амалдорларнинг манбалари ҳамда ҳукуматнинг ҳаракатларидан хабардор бўлган саудияликлар томонидан тасдиқланган. Мақолада қайд этилганидек, асосий ролни Қошиқчининг ўлдирилишига масъул шахслар ўйнаган. Улар 2017 йилдан буён камида ўнта операция ўтказган.
Манбаларнинг маълумотларига кўра, «ушбу операцияларнинг баъзилари бошқа араб давлатларидан саудияликларни мажбурий қайтаришни ўз ичига олган бўлиб, улар шаҳзода ва унинг отаси Салмоннинг саройларида зўравонликларга дучор қилинган».
Қошиқчининг ўлимидан сўнг, Саудия ҳукумати расмий шахслари қироллик разведкачилари мунтазам равишда «мухожирларни ўз ватанларига қайтариш» буйруғини олганини тан олган. Бундай амалиётлар қиролликда шаҳзоданинг ўсиб бораётган таъсиридан келиб чиқиб тез-тез юз берган.
«АҚШ разведка хизмати шаҳзоданинг ўлдиришга буйруқ берганини исботловчи қатъий далилларга эга эмас», деб таъкидлайди нашр. Шу билан бирга, АҚШ разведкаси ходимлари, шаҳзода гўё мухолифатни бостириш учун операцияларни буюрганини маълум қилган.
Аввалроқ, Америка оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, Қошиқчининг ўлдирилиши ҳақидаги буйруқ Марказий разведка бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, Саудия валиаҳд шаҳзодаси томонидан берилган.
Ар-Риёд ҳодисада қирол оиласи аъзоларининг иштирокини қатъиян инкор этган.
Изоҳ (0)