Профессионал футбол лигаси ўтган мавсум Ўзбекистон Суперлигасида 3-ўринни олган «Навбаҳор» клубига 700 миллион сўм мукофот пулини ўтказиб берди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.
2018 йилги мавсум аввалида Профессионал футбол лигаси совринли ўринларни эгаллаган футбол клубларига маълум миқдорда мукофот пуллари ваъда қилган эди.
Таъкидланишича, ўтган мавсумда Суперлига бронза медалларига эга чиққан Наманганнинг «Навбаҳор» клуби мавжуд қарздорликларини деярли тўлиқ бартараф этган. Клуб фақатгина Даврон Ҳошимов олдидаги қарздорликни тўлиқ ҳал этиб улгурмаган. Агар мазкур масала яқин вақт ичида ечим топмаса, «Навбаҳор»га нисбатан санкциялар қўлланилиши эҳтимоли бор. Қолган жиҳатлар бўйича клубда қарздорликлар мавжуд эмас.
Шу боисдан «Навбаҳор» клуби ҳам мукофот пулларини қабул қилиб олди. Клуб ҳисобига 3-ўрин учун белгиланганидек 700 миллион сўм ўтказиб берилди.
Эслатиб ўтамиз, Профессионал футбол лигаси Ўзбекистон Суперлигасида 2-ўринни олган «Пахтакор»га 1 млрд сўм, шунингдек, Ўзбекистон чемпионатида 2-ўринни эгаллаган Қаршининг «Севинч» аёллар футбол клубига 200 миллион сўм мукофот пули берилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)