Остона шаҳридаги янги «Бош масжид» Қозоғистондаги энг катта масжидга айланади. У ҳажми ва иморат майдони жиҳатидан мамлакатда амалдаги энг катта масжид — Ҳазрат Султондан уч баробар катта бўлади. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар берди.
Янги масжид нафақат Қозоғистонда, балки Марказий Осиёда ҳам энг катта масжид бўлади.
Бош масжиднинг умумий майдони 57 минг квадрат метрни ташкил этади. Ҳазрат Султон майдони эса 17,7 минг квадрат метр.
Бош масжид Остонанинг 9,4 гектар майдонини эгаллайди.
«Нурсултон Назарбоев масжиднинг тамал тошини қўйиб, қурилиш ишларига старт берди. Масжид параметри ва ҳажми билан бошқалардан ажралиб туради. У Марказий Осиё ва МДҲдаги энг йирик масжид бўлади. Шунингдек, дунёдаги энг юқори ўнталикдан ҳам жой олади», — дейди «Остона 2020» жамғармасининг ижрочи директори Нуржан Минжасаров.
Унинг қурилиши 24 ойга мўлжалланган.
Масжид ҳудудида 4 минора қад кўтаради. Ҳар бирининг баландлиги 130 метр бўлади. Бу Ҳазрат Султон минораларидан икки баробар баланд дегани.
Асосий гумбазнинг диаметри 62 метрни ташкил қилади. Хабарда айтилишича, бундай гумбаз дунёда бошқа учрамайди.
Бош масжид Ҳазрат Султондан сиғими бўйича ҳам анча катта. Унга 30 минг киши сиғади, Ҳазрат Султонга эса 10 минг киши.
Шунингдек, масжидда 3 мингдан ортиқ машина сиғадиган очиқ ва ёпиқ автотураргоҳ қуриш ҳам режалаштирилмоқда.
Бош масжидни қуришга йигирмадан ортиқ ҳомий пул ажратган.
Қурилишни Туркиянинг SEMBOL CОNSTRUCТION компанияси амалга оширади. У Остонада Ҳазрат Султон масжиди, Тинчлик ва Осойишталик саройи, Хан-Шатир савдо маркази ва ЭКСПО-2017 биноларини ҳам қурган.
Изоҳ (0)