Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси фаолиятини 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қонунийлаштирган норасмий ишчилар, тадбиркорлар ва иш берувчилар учун акция эълон қилди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб норасмий меҳнат фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда янгидан меҳнат шартномаси тузиш орқали қонунийлаштирган, янгидан давлат рўйхатидан ўтганига ёки фаолиятини тиклаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, фаолиятини қонуний расмийлаштирганига камида 2 ой тўлган норасмий ишлаётган фуқароларнинг иш берувчиси иштирок этиши мумкин.
Маълумотларга кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолиятини қонунийлаштирган шахс меҳнат дафтарчаси ва паспортидан ҳамда янгидан давлат рўйхатидан ўтган ёки фаолиятини тиклаган тадбиркорлар эса тадбиркорлик гувоҳномасининг нусхасини шунингдек, иш берувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишга қабул қилинган ишчиларининг исми шарифи, СТИР, ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги бўйруқ нусхаси вилоятнинг ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига тақдим этилиши шарт.
Ушбу акция адашган ва хато қилган иш берувчилар, тадбиркорлар ҳамда меҳнат дафтарчасисиз фаолият юритаётган фуқароларни тўғри йўлга бошлашдага хизмат қилади.
Акциянинг дастлабки босқичи 5 июнь куни, иккинчи босқичи 4 сентябрь куни, учинчиси эса 6 декабрь куни бўлиб ўтади.
Мазкур акция иштирокчиларига дазмол, мобил телефон, чангютгич, электр чойнак, микротўлқинли печ, телевизор, музлатгич ва велосипед каби қимматбаҳо совғалар топширилади.
Изоҳ (0)