13 март куни Токио шаҳрида Ўзбекистон адлия вазирининг биринчи ўринбосари М. Истамов ва Япония адлия вазирининг парламент ўринбосари Х. Кадояма ҳуқуқ ва адлия соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га маълум қилди.
Меморандум доирасида ҳамкорликдаги тадбирлар, тадқиқотлар ўтказиш, ўзаро алоқа йўналишлари ўрганилишини таъминлаш ва тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Томонларнинг фикрича, меморандум икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлабгина қолмай, икки мамлакат Адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқий соҳада самарали ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий замин яратади.
Бундан ташқари, шу куни делегация аъзоларининг Парламент Вакиллар палатаси (қуйи палата) депутати, Япония собиқ адлия вазири Й. Камикава билан учрашуви бўлиб ўтган.
12 март куни М. Истамов Парламент Маслаҳатчилар палатаси (юқори палата) аъзоси, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси К. Накаяма билан учрашган.
11 март куни мамлакатнинг Япониядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон делегациясининг Япониядаги ўзбеклар билан учрашуви ташкил этилган. Учрашувдан кўзланган мақсад – республикада амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш, улар билан мунтазам ва очиқ мулоқот ўрнатишдан иборат бўлган. Ўзбекистон уларга кўмак кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган.
Изоҳ (0)