Бугун, 12 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун мамлакатдаги биринчи Ахборот-туризм маркази (стенди) ишга тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур объектнинг очилиши 2019—2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Туризм соҳасини ривожлантириш концепциясида мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида белгилаб қўйилган.
Ахборот марказини Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари в.б. Улуғбек Қосимхўжаев очиб берди ва очилиш маросимида журналистларга ушбу тадбирнинг аҳамияти ҳамда ахборот марказларини ҳали бутун Республика бўйлаб ўрнатиш режалаштирилгани ҳақида маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, ахборот-туризм марказининг мақсади чет эллик меҳмонларнинг мамлакатга ташрифи қулай ўтиши учун барча зарур маълумотларни тақдим этишдир. Бу ерда чет эллик меҳмонлар учун марказ ходимлари томонидан такси, меҳмонхона брон қилиш, трансфер, туристик сим-карталар, ахборот-туристик материаллар (туристик маршрут хариталари, брошюралар, туристик дастурлар) олиш каби хизмат турлари тақдим этилади.
Изоҳ (0)