Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифаси вакили Исроил Мадримов (2 та жанг, 2 та ғалаба, 2 та нокаут) йил сўнгига қадар мазкур вазн тоифасининг WBO йўналиши бўйича чемпиони, мексикалик Хайме Мунгияга (32 та жанг, 32 та ғалаба, 26 та нокаут) қарши рингга чиқмоқчи. Бу ҳақда GoSport хабар берди.
«Йил сўнгига қадар жаҳон чемпионлиги камари учун жанг қилишни режа қилганмиз. Бу бешинчи ёки олтинчи жангимизда бўлиши кўзда тутилган. Промоутерларимга мазкур вазн тоифасида енгилмас бўлиб турган, Хайме Мунгия билан жанг қилиш ниятида эканимни айтдим. Бу жангни иложи борича йил сўнгига қадар ташкиллаштириш ниятидамиз. Агар бу йил амалга ошмаса, кейинги йил бошида бўлса ҳам ўтказилади. Асосийси мана шу йил у билан жанг қилиш бўйича келишиб олиш ёки жангни шу йилдаёқ ўтказиш», — дейди боксчи.Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов 9 март (Тошкент вақти билан 10 март, якшанба) куни АҚШда бўлиб ўтган бокс оқшомида венесуэлалик Фрэнк Рохасни (24 та ғалаба, 3 та мағлубият, 23 та нокаут) иккинчи раундда нокаутга учратиб ғалаба қозонган ва ўзининг WBA InterContinental камарини ҳимоя қилганди. Айни вақтда Мадримов WBA рейтингида 9-ўринда бормоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)