8 март Халқаро хотин-қизлар куни арафасида турли ёшдаги 100 нафар қиз иқтидорини оширишга ва технология соҳасига жалб этишга йўналтирилган DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan таълим дастурида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
DigiGirlz — Microsoft корпорациясининг қизлар учун таълим соҳасига илм-фан, технология, муҳандислик ва математика соҳаларини такомиллаштирувчи дастури. Дастур келгусида глобал иқтисодиётнинг муаммолари ва чақириқларига тайёр турувчи ходимларни тайёрлаш учун мўлжалланган.
Дастур иштирокчилари 2—3 март кунлари маърузалар ва амалий машғулотларда иштирок этди. Microsoft корпорациясининг таълим ечимлари бўйича мутахассиси Теадора Варбанова, D:CODE компаниясининг лойиҳалар менежери Ксения Сардина, Super Dispatch компаниясининг UI/UX дизайнери ҳамда DaVinci Soluntions компаниясининг раҳбари Анна Ефимовалар виртуал ҳақиқат ҳамда уларнинг тенденциялари ҳақида, шунингдек, мобил иловалар учун интерфейс дизайнлари, касб танлаш ва муваффақиятга эришиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Кичик гуруҳ аъзолари (12 ёшдан 14 ёшгача бўлган қизлар) акула ҳаракати симуляторини яратиш устида ишлаган бўлса, катта гуруҳ эса ҳимоя бош кийимини яратишда иштирок этди. Ушбу қурилмаларни яратиш учун қизлар Ардуино тўплами ва ёрдамчи материаллардан фойдаланди.
6 март куни қизлар Microsoftнинг Марказий ва Шарқий Европадаги бош менежери Анке Ден Оуденнинг DigiGirlz дастурининг мақсадлари ва Microsoftнинг қизлар иқтидорини ошириш борасидаги фаолияти ҳақидаги маърузасида иштирок этди.
Шунингдек, дастур иштирокчилари ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказди. Таълим дастурининг натижаларига кўра, барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Энг фаол иштирокчиларга Ардуино тўпламлари топширилди.
Изоҳ (0)