Куни кеча, 27 февраль куни Қарши шаҳридаги Журналистлар уйи олдида ярим асрдан бери қўр тўкиб турган улкан чинор кесиб ташланди, деб ёзади ЎзА.
Кўплаб журналистларда ҳақли савол туғилди: бир вақтлар фахрий журналист Зиёд Есинбоев томонидан экилган бу чинор кимга керак бўлмай (аслида кимга керак бўлиб) қолди?
Маълум бўлишича, жисмоний ёки юридик шахслар қандай сабаб билан бўлмасин, дарахт кесишдан аввал Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши, ушбу марказ вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан мутахассис жалб қилиши, мутахассис ҳолатни ўрганиб, кесиш-кесмаслик масаласини ҳал этиши, кейин ҳоким рухсатномаси асосида ўша дарахтни кесиш бўйича қарор қабул қилиниши керак экан.
Бироқ, Қашқадарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими бошлиғи Азиз Қурбонов бу бўйича ҳеч қандай қарор чиқмагани, рухсат йўқлиги ва бу ҳақда бошқармага ҳам ҳеч қандай мурожаат бўлмаганини маълум қилди.
Биз дарахтни кесиб ташлашга ким буйруқ берганидан бехабармиз, бироқ дарахт танаси бўлакланиб, қайси мебел фабрикасига олиб кетилганини биламиз, дея таъкидлайди нашр.
Изоҳ (0)