2018 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерацияси давлат раҳбарлари ташаббуси билан ташкил этилган Россия—Ўзбекистон таълим форуми икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, деб ёзади ЎзА.
Икки томонлама ҳамкорликни кенг амалий татбиқ этиш мақсадида бугун, 27 февраль куни Тошкент тиббиёт академияси ва И.М.Сеченов номидаги Биринчи Москва Давлат тиббиёт университети томонидан «Олий таълим муассасалараро ҳамкорлик маркази» ташкил этилди.
Соғлиқни сақлаш тизимида катта аҳамиятга эга бўлган ушбу тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистонга Россия Федерациясидан И.М.Сеченов номидаги Биринчи Москва Давлат тиббиёт университети ректори Пётр Глибочка бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Тадбир икки давлат тиббий таълими етакчилари учун соғлиқни сақлашни ташкил этиш бўйича кўп форматли музокаралар имкониятини яратди.
Шунингдек, истиқболли режалар ва амалга оширилиши кўзда тутилган илмий-амалий семинарлар ҳамда Марказнинг ҳамкорликни янада ривожлантиришдаги ўрни ҳақида сўз юритилди.
Қўшма илмий-амалий тадбирларни ўтказиш, электрон таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш, талабалар алмашинув дастурларини олиб бориш, ҳар икки олий таълим муассасаси ўртасида оператив узлуксиз ахборот алмашинишни таъминлаш ОТМлараро ҳамкорлик марказининг стратегик вазифаларидан ҳисобланади.
Ушбу марказ профессор-ўқитувчилар, мутахассислар, ёш олимлар ва икки университет талабалари ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида инновацион ва технологик ғоялар юзасидан фикр алмашиш учун замонавий платформага айланиши кўзда тутилган. Сеченов университети етакчи профессор-ўқитувчилари Тошкент тиббиёт академиясининг таълим жараёнига кенг жалб қилинишига ёрдам бериб, икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олади.
Изоҳ (0)