23 февраль, шанба куни (Тошкент вақти билан 24 февраль тонгида) профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов (6 та жанг, 6 та ғалаба) ўзининг 7-жангини ўтказиб, унда рақиби мексикалик Эдгар Пуэртони техник нокаут эвазига мағлуб этганди.
«Биринчи навбатда мени қўллаб-қувватлаб турган барчага раҳмат айтмоқчиман. Биз февраль ойида жанг бўлишини кутмагандик. Аммо, вазият шундай бўлди. Мексикалик боксчи жангга чорлади, биз эса буни рад эта олмадик. Тайёргарлик кўриш учун 25 кун бор эди. Бундан ташқари, рақиб яшайдиган мамлакатга сафар қилдик. Жанг ҳақида гапирадиган бўлсам, осон ўтди дея олмайман. Мен рақибимдан бундай ҳаракатларни кутмагандим. Рингда қийин, бироқ ёдда қоларли жанг бўлди. Яхшигина тажриба тўпладим. Шуни айтиб ўтишни истардимки, мексикалик боксчилар чидамли ҳисобланади. У беш раунд чидаб берди. Қайсидир паллада нокаут бўлмаса керак деган ўй ҳам ҳаёлимдан ўтди. Аммо, якунда биз барибир мураббий ва менежерларим билан ўйлаган режамизга эришдик. Яқин кунларда яна бир жангни кутинг. 10 кундан сўнг бу ҳақида эълон қиламиз», – дейди Шаҳрам Ғиёсов Миллий олимпия қўмитасига берган интервьюсида.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)