23 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази раҳбарияти иштирокида «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳаси бўйича шарҳ» мавзусида матбуот анжумани ташкил қилинди, деб ёзади ЎзА.
Унда янги ўқув йили олдидан бўлиб ўтадиган тест имтиҳонларида бўлиши кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Энг асосий ўзгаришлар, энг кўп саволлар туғдираётган ўзгаришлар қандай бўлади?
Ҳужжат топшириш пулли бўладими?
Ҳа. 2019 йилги тест имтиҳонларидан бошлаб ўтган йил, ёки ундан олдинги йил тест синовларидан ўта олмай бу йил яна ҳужжат топшираётган абитуриентлар учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўловни амалга ошириш таклиф қилинмоқда. Яъни ҳозирги вақтда 202 минг 730 сўм. Жорий йилда мактаб, лицей ёки коллежни битирганлар учун бу сумма тўланмайди. Янги битирган абитуриентлар учун ҳужжат топшириш ва тест синовларида иштирок этиш бепул.
Нега тўлов қилиняпти?
Абитуриентларнинг ҳужжат топширишидан пул йиғиб олинишидан бирламчи мақсад бу ўша тўловдан тушган пулларнинг тест синовларини сифатли ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш. ДTМ раҳбари Мажид Каримовнинг таъкидлашича, бу пулга тест бўлиб ўтадиган биноларнинг ижара тўлови, катта қувватли кондиционерлар, шахсни аниқлаш ва кузатув замонавий камералари, ота-оналар кузатуви учун мониторлар, абитуриентларни ичимлик суви ва ручка билан таъминлашга сарфланади.
Мазкур масала бўйича «Халқ сўзи» мухбири савол билан мурожаат қилди: Абитуриентлар тўловининг қанча қисми хориждан келтириладиган техник қурилмалар сотиб олишга сарфланади? ДTМ раҳбари бу саволга тахминан 80 фоизи худди шундай замонавий ускуналар сотиб олинишга сарфланишини маълум қилди. Ўз-ўзидан бу иккинчи саволни келтириб чиқарди. Хўш 80 фоиз пул замонавий техника сотиб олишга сарфланса, кейинги йил учун йиғилган пул нимага сарфланади? Бу қандай замонавий қурилма эканки, бир йилдан кейин яна янгисини сотиб олишга зарурат бўлса?
Каримовнинг сўзларига кўра, юқорида сотиб олинадиган техникалардан ташқари махсус принтерлар, тест натижаларини аниқлашда кўмаклашадиган бошқа ускуналар ҳам сотиб олинади ва улар бир йилда бўладиган тест синовидаёқ ўзининг меъёрини бажариб бўлиши ва яроқсиз ҳолатга келиши мумкин. Яъни бу каби қурилмаларни ҳар йили янгисини сотиб олишга тўғри келади. Кузатув камералари, кондиционерлар ва бошқа шу каби техникалар ҳам ҳар йилда алмаштиришни талаб қилинадими, йўқми бунга масъул ходимлар аниқлик киритмади.
Дарвоқе, жорий йилда тест синовларида иштирок этиш истагида бўлган абитуриентлар сони 1,2—1,3 миллион нафарни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда. Шундан 700 мингдан ортиғи янги битирувчи, янги абитуриент бўлади. Бундан келиб чиқадики, қолган тахминан 500 мингдан зиёдроқ абитуриент иккинчи (ёки ундан кўпроқ) марта тест синовларида иштирок этиши лозим. Бу дегани потенциал тўловни амалга оширувчиларни тахминан 500 минг нафар деб олсак, 101 миллиард 650 миллион сўм ДTМ ҳисобига тушади. Бундан ташқари I ва II ногиронлари ва ижтимоий кам таъминланган қатлам тўловлардан озод қилинади. Мажид Каримовнинг сўзларига кўра, тахминан 40 миллиард сўм йиғилиши керак. Буни тест маркази қандай ҳисоблаган ҳозирча номаълум. ДTМ раҳбари пулларнинг умумий миқдори ва қай йўсинда сарфланиши бўйича шаффоф маълумотлар тақдим этилишга ваъда берди.
Нечта олийгоҳга ҳужжат топшириш мумкин бўлади?
Учта. ДTМ мутасаддиларига кўра, олдинги йиллар билан солиштирганда биттадан учтага ошириш ва катта ўзгариш. Келгусида зарурат бўлса, бир чеклов сони оширилиши мумкин.
Ҳар бир олийгоҳга топширган абитуриент ҳар бири учун алоҳида бир ЭКИҲ миқдорида тўлов тўлаши керак бўладими?
Йўқ. Ҳар бир «эски» абитуриент бир марта 202 730 сўм миқдорида тўловни амалга оширади ва шу тўлов бўйича, бир вақтнинг ўзида, параллел равишда учта олийгоҳга ҳужжат топшириши мумкин бўлади. Яна бир муҳим ўзгариш энди ҳар бир абитуриент ўз ҳудудидаги Давлат хизматлари агентлиги орқали ҳужжат топширади. Агентлик ҳужжатлар қабул қилиб олишда қўшимча тўлов талаб қилади. Ҳозирча бу сумма тахминан 10—20 минг сўм атрофида бўлиши мумкинлиги айтилди.
Тестларда 5 та фандан имтиҳон топшириладими?
Бу масала лойиҳа кўринишида турибди ва жорий йилда эмас, кейинги ўқув йили учун ўтказиладиган тест синовларида қўлланилади. Яъни абитуриент 3 та мажбурий ва 2 та ихтиёрий фандан имтиҳон топшириши мумкин бўлади. Масалан она тилидан қўшимча имтиҳон (диктант, оғзаки савол-жавоблар) топшириб, керакли балл тўплай олган, абитуриент она тили фанидан бўладиган тестлардан озод қилиниши ва максимал балл олиши мумкин бўлади. Йил охирига қадар бу борада аниқ маълумотлар берилади.
Техник ёки математикга она тили ёки соҳага оид бўлмаган фанлар нега керак?
ДTМ мутасаддиларига кўра, бундай талаблар биринчи навбатда давлат гранти асосида ўқиш истагида бўлганлар учун. Яъни давлат ажратган грантга илиниш истагида бўлган ҳар қандай абитуриент она тилини ва соҳасига бевосита алоқадор бўлмаса-да, мактабда ўтиладиган фанлардан хабардор бўлиши лозим. Мукаммал грантга «тортадиган» абитуриент учун талаб шундай. Техник ёки математик ёки бошқа соҳада мутахассис бўлиш истагида бўлганлар тўлов-контракт, ёки оддий тилда айтганда «супер контракт» орқали ўқиши мумкин. Грант асосида ўқиш истагида бўлганлар шундай бўлиши керак.
Абитуриентнинг баллари энди уч йилгача «куймайди»
Эндиликда абитуриентга тест синовида тўплаган баллари ҳақида сертификат берилади. Бу 3 йилга қадар амал қилади. Келгуси йилларда мазкур балл кириш учун етарли бўлган тақдирда у талаба бўлиш имкониятига эга бўлади. Бунда 3 йил ичида ЭКИҲни қайта тўлаш ҳам шарт бўлмайди.
Тест синовидаги саволларда бўлаётган ўзгаришлар
Жорий йилдан бошлаб тарих фанидан атлас ва контур хариталар бўйича саволлар қўшилади. Бу борада нега кеч эълон қилиняпти, деган саволга ДTМ мутасаддилари «буларнинг барчаси дарсликлар бор бўлган маълумотлар асосида тузилганини» билдирди. Яъни яхши ўқувчи мактаб дарслигида тарихдан атлас ва контур харита ҳақида маълумоти бўлиши керак. Бу ДTМнинг тест дастурида аввалдан бўлган, шу пайтгача техник имкониятлар етарли бўлмагани, чоп этишдаги имкониятнинг чеклангани учун бундай саволлар киритилмаган.
CEFR имтиҳони қачон топширилади?
Энг кўп савол айнан шу мавзуда бўлмоқда. ДTМ вакилларининг маълум қилишича, айни вақтда хорижий тажриба асосида бу каби имтиҳонларни олишда ягона тартиб ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси тақдим этилган. Қарор лойиҳаси кечикаётганлиги сабабли CEFR имтиҳони учун рўйхатга олиш тўхтаб турибди. Қарор тез орада чиқади ва бу рўйхатга олиш бошланиб кетади.
Имтиҳонлар қанчалик шаффоф ўтади?
Имтиҳонлар ўтадиган хоналар тўлиқ трансляция қилинади. ДTМ вакилларининг айтишича, ўтган йилги Самарқандда ва бошқа ҳудудларда кузатилган техник носозликлар бу йил қайтарилмаслиги учун имкон қадар ҳаракат қилинади. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини қандай имтиҳон топшираётганини кузатиш имкониятига эга бўлади.
Имтиҳон бўлаётган биноларнинг қолган хоналарида «ўйинлар» бўлиб кетмаслигига кафолат борми?
Имтиҳонлар катта спорт залларида «Экспомарказ» павилонларида ўтказилмоқда. Аммо бу бинолар фақатгина ўша тест ўтказиладиган хоналардан иборат эмас. Масалан спорт залларида кийим алмаштириш хоналари, бошқа қўшимча хоналар бор. Ўша ерларда «махсус абитуриентлар» ўтирган бўлиши мумкинми? Нега у ерларда камера йўқ, деган савол берилди. ДTМ раҳбари буни таклиф сифатида қабул қилди ва шаффофликни таъминлаш мақсадида бундай хоналарнинг бўш эканлигини тасдиқлаш учун лозим бўлса, камералар ўрнатилишини, бунинг учун АКТ вазирлиги билан ҳамкорлик қилинишини айтди.
Саволларни ким тузади?
Саволлар халқ таълими вазирлиги ва тегишли вазирлик томонидан саралаб олинган комиссия томонидан тузилади. Тайёр бўлгач ҳам бир неча маротаба қайта қайта экспертизадан ўтказилади. Мактаб дастуридан четга чиққан саволлар бўлмайди.
Изоҳ (0)