23 февраль куни 14:50 да ички ишлар органларига 34 ёшли Н.Салаватдан хабар келиб тушди. Эркак номаълум шахс томонидан унинг курткаси чўнтагидан калит ўғирланиб, Cobalt автомобили олиб қочилганлигини маълум қилган, деб ёзади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Автомобиль эгаси томонидан Олмазор туманининг Фаробий кўчасида қолдириб кетилган эди. Мазкур факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми («Транспорт воситасини олиб қочиш») бўйича жиноий иш қўзғатилган.
ИИББ ходимлари томонидан «Жиноятчини тутиш» режаси эълон қилиниб, автомобиль Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида тўхтатилган. Cobalt’ни олиб қочган йигит қочишга уринган, бироқ у ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинган.
Машинани олиб қочган йигит муқаддам бир неча марта судланган фарғоналик 26 ёшли К.Бахтиёржон эканлиги аниқланди. У жабрланувчи кафеда курткасини стулга илиб қўйганидан фойдаланиб автомобиль калитини ўғирлаган.
Изоҳ (0)