Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан «Ўзбекистонда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш» лойиҳаси доирасида Германияда бўлиб турибди.Ушбу давлат билан тиббиёт соҳасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Жумладан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ОPAСCА Герман Онcологй Солутионс ГмбҲ томонидан 50 миллион евро қийматидаги энг сўнгги технология ва жиҳозлар билан таъминланган, замонавий клиника бунёд этиш ҳамда Германиянинг нуфузли Мангейм университети клиникаси билан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди.
Бундан ташқари, германиялик ҳамкорлар билан пойтахтдаги Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида кўп тармоқли клиника бунёд этиш юзасидан келишув имзоланди. Лойиҳага 100 миллион евро миқдоридаги инвестиция жалб этилади. Кейинчалик вилоятларда ҳам немис технологияси асосида ишлайдиган шундай кўп тармоқли клиникалар очилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг мазкур ташрифи ҳам ривожланиб бораётган ҳамкорлик самарасидир. Делегация аъзолари Германиянинг Гамбург шаҳридаги Альбертиний клиникаси шифокорлари билан ҳамкорликда хирургия, урология, гинекология ва онкология йўналишларида роботлаштирилган технологиялар ёрдамидаги мураккаб амалиётларда фаол иштирок этди. Бундан ташқари, маҳорат дарсларида қатнашиб, роботлаштирилган технологияларда ишлаш кўникмаларини ҳам ҳосил қилмоқда.
Шунингдек, тиббиёт соҳасида замонавий ускуна ва технологияларни ишлаб чиқарувчи Philips, Дрäгер, Heinemann, Wеинманн, Фресениус, Siemens каби компанияларда бўлиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди. Бундан ташқари, мамлакатда қўлланилаётган замонавий технологияларга хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш ва фаолиятини кенгайтириш борасида музокаралар ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)