Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди жаримани тўламаслик эвазига профилактика инспекторига 50 000 сўмни пора тариқасида берган фуқарога олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Бу ҳақда «Дарё»га Пешку туман суди маълум қилди.
Иш ҳолатига кўра, судланувчи Шоим Ҳожиев 2018 йил 11 сентябрь куни Вобкент туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори Ш. Ҳакимовнинг хизмат хонасига келиб, жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги ҳолати юзасидан ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари билан расмийлаштирилган баённомани бекор қилишни илтимос қилади.
Жаримани тўламаслик учун профилактика инспектори Ш.Ҳакимовга 50 000 сўм пора тариқасида берган, ҳамда вилоят ИИБ ўз хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган.
Суд мажлисида судланувчи содир қилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлигини, 3 нафар фарзандлари борлиги, оилавий шароити ва моддий аҳволи оғирлигини инобатга олиб, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан ҳамда 57-моддасини қўллаб 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб.
Пора предмети ҳисобланган 50 000 сўм давлат фойдасига ўтказилди.
Изоҳ (0)