Ўзбекистон делегацияси атом энергетикаси соҳасидаги қонунчилик билан танишиш учун 2019 йилнинг 12—15 февраль кунлари Венгрияга ташриф буюрди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлигининг матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади UzDaily.
Делегация таркибига Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, «Ўзатом» агентлиги ва ОАВнинг вакиллари кирди.
Ташриф давомида Венгрия Парламенти (Миллий мажлиси) вице-спикери Иштван Якоб билан учрашув бўлиб ўтди. У Венгрия ҳукумати Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим стратегик ҳамкори сифатида кўришини таъкидлади.
Томонлар парламент алмашинуви ва парламентлараро алоқалар, жумладан, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги Венгрия қонунчилиги ва тажрибасини ўрганиш соҳасини янада ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакат ваколатли идоралари ўртасида тажриба алмашиш бўйича келишувга эришди.
Шунингдек, «Пакш-2» АЭС лойиҳаси учун масъул «портфелсиз» вазир Янош Шули, Венгрия инновациялар ва технологиялар вазирлиги давлат котиби ўринбосари Андреа Беатрикс Кадар, Атом энергетикаси бўйича Венгрия регулятори Дьюл Фихтингер ва бошқалар билан музокаралар ўтказилди.
Изоҳ (0)