Ўтиб бораётган ҳафта Ўзбекистон ҳаётида ўзгаришларга бой бўлди. Асосий воқеалар қурилиш, ташкил этиш ва текширувга оид хабарлардир. «Дарё» ҳафталик дайжестини бошладик.
* * *
Ҳафта бошида таниқли хонанда Озода Нурсаидованинг бевақт ўлимига оид тарқалган ёлғон-яшиқ хабарларга чек қўйилди. Унинг синглиси хонанда шифохонада эканлигини журналистларга маълум қилди. Нурсаидова 2000 йилларнинг машҳур қўшиқчиси бўлиб, ҳанузгача мухлислари унинг тақдири билан қизиқади.
* * *
1974 йилда қурилиб, Тошкент меҳмондўстлигининг ўзига хос рамзига айланган «Ўзбекистон» меҳмонхонаси сотувга қўйилди. Савдо очиқ ўтказилади. Меҳмонхонанинг бошланғич нархи 33 миллион доллар этиб белгиланди.
* * *
МИБ энергиядан антиқа усулда фойдаланаётган фуқароларни аниқлаб, бир нечта фотосуратларини улашди. Унда мойли электр иситкич устида елим идишда сув иситаётган, оддий тунука печкага тўғридан-тўғри газ уланган, шунингдек, қўлбола газсўрғич ёрдамида газ тортаётган ҳолатлар акс этган. Айтиш жоизки, бу ҳолатлар қишда энергия танқислиги шароитида яшаётган фуқаролар учун антиқа эмас, кундалик оддий ҳолдир.
* * *
Ҳафта ўрталарида тинимсиз ёғган ёмғир Қарши шаҳри кўчаларини сувга тўлдирди. «Дарё» Қаршининг кўлга айланган кўча ва маҳаллалари фотосуратларини чоп этди. Ижтимоий тармоқлар «Қашқадарёнинг дарёси» мавзуидаги мутойибалар билан бойиди. Ёмғир неъматидан Бухоро шаҳри кўчалари ҳам бенасиб қолмади.
* * *
Ravon компаниясининг Россия бозоридаги ҳиссаси нолга тушди. Ўтган йилнинг январида Россияда 1,5 мингта машина сотган ўзбек автокомпанияси кетма-кет саккиз ойдан бери сота олгани йўқ. Эслатиб ўтамиз: 2018 йилнинг май ойида президент Шавкат Мирзиёев GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи ҳақида «номигагина, ҳеч кимга фойдаси йўқ», деб айтган.
* * *
Риштонда динозаврга ўхшаб кетадиган ҳайвоннинг суяк қолдиқлари топилди. У кенгуру ва туяқушни ҳам эслатади. Айрим кузатувчилар уни динозавр қолдиғи деб ҳайратланмоқда. Бироқ биолог-тадқиқотчи Бахтиёр Шералиевнинг фикрича, суякларнинг динозаврга алоқадорлиги йўқ.
* * *
Ўзбекистон молия оламида катта тарихий янгилик юз берди: биринчи марта 1 миллиард долларлик евробондлар жойлаштирилди. 5 йиллик 500 миллион долларлик евробондлар 4,75 фоиздан, 10 йиллик 500 миллион долларлик евробондлар эса 5,375 фоиздан жойлаштирилган. Кузатувчиларнинг фикрича, бу Ўзбекистоннинг жуда муваффақиятли қадами бўлди. Евробонд оддий тилда айтганда, аввалдан бизга таниш облигация сингари ишлайди, яъни евробонд харид қилиб, компанияга маълум муддатга маблағ берасиз, эвазига эса йиллик фойдани қўлга киритасиз.
* * *
Гулнора Каримованинг ўғли Instagram-саҳифасида онасига босим кўрсатилаётгани ҳақида ёзган эди. Аммо Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё» сайтига бу иддао асоссизлигини маълум қилди ва Каримовага яхши шароит яратилганлигини билдирди.
* * *
Қўқон шаҳрида Миллий гвардия ходимининг текширув чоғида уюштирган найранги фош бўлди. Аввалроқ тарқалган видеода Миллий гвардия хизматчиси шаҳардаги караоке барга кириб, ёстиқ остига пичоқ яшириб, хонадан чиққани, салдан кейин эса ҳамроҳлари билан қайтиб кириб, гўёки «топиб олгани» кўрсатилган, кадр ортида сўзланган воқеа шарҳида миллий гвардиячи ходимининг туҳмати фош этилган эди. Воқеа юзасидан текширув қўзғатилган ва туҳматчи ходимга жазо қўлланиб, сафдан четлатилган.
* * *
Келаси ҳафтадан бошлаб Ўзбекистонда юз минг сўмлик пул муомалага чиқарилиши маълум қилинди. Юз минг сўмлик банкнотнинг юзасида улуғ олим Мирзо Улуғбекнинг расми бўлиб, қуёш тизими сайёралари ва астрономик ускуна акс этган. Янги купюра махсус ҳимояланган қоғозда 3D эффектли тасвирлар ва бўртма ёзувлар билан чоп этилади.
* * *
Ўзбекистонда Akfa нодавлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Университет МЧЖ шаклида фаолият юритади. Унда фундаментал, тиббиёт, аниқ ва гуманитар фанлар соҳасидаги мутахассислар тайёрланади. Битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот сифатида эътироф этиладиган диплом берилади.
Изоҳ (0)