Туркиянинг Истанбул шаҳрида 12—14 февраль кунлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг Соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлардан одамларни ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мавзусига бағишланган олий даражадаги вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол қатнашаётган мазкур йиғилишда кўплаб долзарб масалалар муҳокама этилди. Унда соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлардан одамларни ҳимоя қилиш бўйича иштирокчи мамлакатларнинг тайёргарлигини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, бу борада назорат тузилмаси, мониторинг ва баҳолаш механизмини яратиш, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кўпайтириш масалаларига устувор аҳамият берилди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Грузия, Арманистон ва Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлари билан учрашди. Мулоқотларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Шу ўринда А.Шодмоновнинг Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахруддин Қовжа билан бўлиб ўтган учрашувини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган «Йўл харитаси» имзоланди.
Учрашувда Алишер Шодмонов ҳар икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан барча соҳада, жумладан, тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик жадаллик билан ривожланиб бораётгани, шунингдек, Ўзбекистонда инвестициявий муҳит яхшиланиб, инвесторларга қулай шароитлар яратиб берилаётганини алоҳида қайд этди. Мулоқот жараёнида Тошкентда ўзбек—турк тиббиёт форумини ўтказишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида нафақат Тошкентда балки, вилоятларда ҳам замонавий тиббиёт клиникаларини ташкил этиш, мутахассисларнинг ўзаро малака ошириши, Ўзбекистонда вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби муҳим масалалар ҳам муҳокама этилди.
Изоҳ (0)