Истанбул полицияси 14 февраль куни ҳисоботини эълон қилди. Унда ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчининг жасади печда ёқиб юборилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин илгари сурилган, деб ёзади «Корреспондент.net».
Туркиялик терговчилар тахминича, саудиялик мухолифатчи журналист Жамол Қошиқчининг жасади Истанбулдаги қироллик бош консуллигида ёқиб юборилган бўлиши мумкин.
«Саудия Арабистонининг бош консуллиги биносида печ борлиги аниқланган. Экспертлар фикрича, у минг даражагача қизиши мумкин. Бунда исталган биологик тўқима ДНК изларини аниқлаш имконисиз йўқ бўлади», — дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, журналист ўлдирилгандан сўнг Саудия Арабистони бош консуллиги Истанбул ресторанларидан бирига 32 порция хом гўшт буюртма қилганлиги таъкидланади.
Изоҳ (0)