Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Иноғомов пойтахтдаги каналлар атрофини обод сақлаш, бу ерларда одамлар дам оладиган, болалар чўмиладиган сўлим ва хавфсиз ҳудудлар ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди, деб ёзади ЎзА.
«Тошкент шаҳри каналлари узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолиб, экологик ҳолати ачинарли бўлиб қолган эди. Каналлар атрофи ўзбошимчалик билан ўзлаштирилиб, ноқонуний қурилишлар амалга оширилган, бу турли ноқулайликларни юзага келтирганди. Президентимиз топшириғи билан 2018 йилда шаҳар каналлари тозаланиб, атрофи ободонлаштирила бошланди. Бу жараён бугун ҳам давом этмоқда. Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасининг асосий вазифалари каналлар ва улардаги иншоотларни сақлаш бўйича ягона техник сиёсатни олиб бориш, уларнинг санитар ҳолати ва ишончлилигини таъминлашдан иборат. Эндиликда каналларни санитар тозалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилмоқда. Бундан ташқари, каналларнинг шаҳардан ўтадиган қисмларини реконструкция қилиш, қирғоқ бўйларида замонавий ландшафт меъморчилиги усулларини қўллаган ҳолда рекреацион ҳудудларни шакллантириш, махсус техника ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш кабилар амалга оширилади.
Бир вақтлар Тошкент шаҳрида 129 канал бўлган. Бугунга келиб ишчи ҳолатдаги 92 канал мавжуд. Ўтган йили ана шу каналларнинг муҳофаза ҳудудидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш мақсадида ‘Тоза канал’ кампанияси тадбирлари йўлга қўйилди. Ташкил этилган 44 ишчи гуруҳ томонидан магистрал каналларнинг қирғоқбўйи минтақаларида аниқланган 1 минг 330 дан ортиқ ноқонуний қурилма бартараф этилиб, каналларнинг санитар ҳолатини яхшилашга эришилди.
Бошқарма томонидан каналларнинг 120 километр қисми, 170 метр икки кўзли қувур тозаланди, 1 километр канал қирғоқларига муҳофаза панжаралар ўрнатилди. Бундан ташқари, Бўрижар каналидаги охирги 40 йил давомида эътибор қаратилмаган, бироқ ўта хавфли бўлган сув ўтказгич (дюкер) тозаланиб, сув тошқини юз бериши эҳтимолининг олди олинди. Жўн каналининг 3 мингта хонадонга хавф солиб турган ҳудудлари бартараф этилди.
Бошқарма томонидан 2019 йилда ҳам Тошкент шаҳридаги каналларни тозалаш, қирғоқларини бетонлаш, фавқулодда вазиятлар содир бўлиши мумкин бўлган ҳудудларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилади. Кенг кўламли ободонлаштириш ишлари учун умумий қиймати 1,5 миллиард сўмлик 2 махсус техника харид қилинди. 2019 йилда жами 57 махсус техника ва транспорт воситаси харид қилинади.
Каналларнинг қирғоқларига 20 километрдан ортиқ узунликдаги муҳофаза панжаралари ўрнатилади. Айрим каналлар ва коллекторлардаги сув тошқини билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар юз бериши мумкин бўлган ҳудудлар бартараф этилади. 250 километрдан ортиқ каналлар ўзани тозаланади. Эксперимент тариқасида шу йил баҳор мавсумида Бўзсув канали ўзанида моторли қайиқларда сайр қилиш хизмати йўлга қўйилади. Шунингдек, магистрал каналларга туташ ҳудудлар ҳам ободонлаштирилади, дам олиш масканлари барпо этилади. Жумладан, 137 километрлик магистрал каналларнинг 22 километрдан ортиқ бўлган туташ ҳудудларида сайилгоҳлар ташкил этилади.
Бу сайилгоҳларда шаҳар аҳолисининг дам олиши, ҳордиқ чиқариши, югуриш ва велоспорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратилади. Мавжуд имкониятлар ва сувнинг таркиби таҳлил қилиниб, чўмилиш ҳавзалари ташкил этилади. Канал бўйларига энергия тежовчи ёритгичлар, Wi-Fi ҳудудлар, китоб кафе, шахмат-шашка ўйнаш ва расм чизиш учун аллеялар ташкил этилади» , — дейди Ҳ.Иноғомов.
Изоҳ (0)