Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида қишлоқ хўжалиги ўсимликлари зараркунандалари тарқалишини олдиндан билишга хизмат қилувчи 100 дан зиёд феромонли қопқон ва иккита кичик метеостанция ўрнатилди. Бу ҳақда БМТТД матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади «Газета.uz».
Фарғона водийси фермерлари ўртасида ўтказилган изланишларда қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари ва касалликларига қарши курашда одамлар кимёвий ишлов бериш усулини маъқул кўриши маълум бўлди. Бу эса экология ва инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Қопқон ва метеостанциялар БМТТДнинг «савдо-сотиқни ривожлантиришга кўмаклашиш» дастури доирасида ўрнатилди. Улардаги датчиклар ёрдамида ёғингарчиликлар миқдори, ҳарорат, ҳаво намлиги, тупроқ, шамол тезлиги ва йўналиши ҳақидаги маълумотлар тўпланиб, таҳлил қилинади.
Тошкентдаги Инҳа университети профессори Жасурбек Хўжаев ва Сарвар Абдуллаев фермер хўжаликлари етиштираётган ўсимликлар, касаллик ва зараркунандалар хронологияси ҳақидаги маълумотлар базасини ўз ичига олган мобил иловани ишлаб чиқди.
Қопқонлар ва мини-метеостанциялар тумандаги ҳар бир фуқарога ўсимликлар профилактикаси ва ҳимояси, агротехник чораларни ўз вақтида ва самарали қўллаш бўйича тавсиялар акс этган SMS-хабарномаларни олишига имкон беради.
Феромон қопқонлар фойдаланувчиларининг қарийб 40 фоизи зараркунандаларнинг камайгани, 38 фоизи кимёвий препаратларни қўллашни камайтиргани ҳамда 90 фоиздан зиёдроғи келгусида ҳимоя қилишнинг биологик усулларидан фойдаланишини таъкидлаган.
Изоҳ (0)