Якунига етаётган ҳафта совуқ об-ҳавоси билан эсда қолди. Бироқ нафақат об-ҳаво, балки кўпгина хабарларни ҳам илиқ мазмунда дейиш қийин. Хусусан, фожиали ҳалок бўлган инсонлар ҳақида хабарлар кўп тарқалди. Қисмат, тақдир... Шундай қилиб, дайжестимизни бошладик.
* * *
Ўзбекистонда энергетика бўйича ягона давлат сиёсатини юритувчи янги ваколатли орган — энергетика вазирлиги ташкил этилди. «Ўзбекэнерго», «Ўзбекгидроэнерго» ва «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятлари Энергетика вазирлигига бўйсундирилди. Шунингдек, ҳафта бошида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов транспорт вазири этиб тайинланди ва ҳафта ўртасида Президент фармони билан Ўзбекистонда Транспорт вазирлиги ташкил этилди.
* * *
Ўтган ҳафтада республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати сезиларли тушиб кетди. Шимолий вилоятлар кечаси -5 даражагача совуди. Воҳада ёғингарчилик кузатилмаган бўлса-да, шамол ва қорасовуқ кузатилди. Шунингдек, водий ва Тошкентда ҳам ҳаво яхшигина совуб, туман тушиш ҳолатлари юз берди. Деҳқонлар тили билан айтганда, бу ҳафтада чилла билан хайрлашдик.
* * *
Ўзбекистон автосаноатига оид хабарларга тўхталадиган бўлсак, яқин кунларда GM Uzbekistan автомобиль заводи номи ўзгариши, Жиззахдаги Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive заводи қурилиши тўхтаб қолмагани, томи, деворлари ва поли бор, фақат тозалаш ишлари қолгани, шунингдек, миллий автокомпаниямиз Афғонистонга автомобиль экспорт қила бошлаши маълум бўлди.
* * *
Аввалроқ фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва хизмат муддатини ўтаб бўлган фуқароларни захирага бўшатиш вақтини февраль–март ойларидан март–апрель ойларига ўтказиш таклифи берилган эди. Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати изоҳ беришича, бунга сабаб қишки мавсумдаги ноқулай об-ҳаво шароити бўлиб, йиғин пунктлари хоналари иситилиши сарф-харажатларни ошириб юбормоқда.
* * *
Ойнинг ўн беши қоронғу, деганларидек, ушбу ҳафтада кўнгилсиз хабарлар ҳам учради. Тошкентлик қиз рашк сабабли ёқтирган йигитини қасддан ўлдириб қўйгани, бошқа бир 15 яшар қиз эса кўп қаватли уй зинайўлагида ўлдириб кетилгани ва гумонланувчи сифатида унинг ўгай акаси қўлга олингани; Ургутда олти яшар қизалоқ темир арғимчоқдан йиқилиб нобуд бўлгани, бундан ташқари, Санкт-Петербургда икки ўзбекистонлик қурилиш ишлари вақтида йиқилиб ҳалок бўлгани; Россиядаги университет талабаси Бобурбекнинг бошига томдан муз парчаси тушиб, дунёдан кўз юмгани шулар жумласидандир.
* * *
Иқтисодий жиҳатдан самарали, аммо қонун йўли билан тақиқланган ўйин ташкил этиш ҳақидаги хабар тарқалди. Гап инвесторларнинг Мўйноқда казино ташкил этиш таклифи ҳақида бормоқда. Айтиш керакки, айрим давлатларда бундай ўйин зоналарини ташкил этиш чекка ҳудудларни ривожлантириш усули деб қаралади, хусусан, Россиянинг аксарият чекка ҳудудларида азарт ўйин зоналари ташкил этилган. Ўзбекистонда эса бош прокуратура вакили «...казино (ўйин бизнеси) масаласи бўйича ҳам таклифлар келиб тушган, уни амалга ошириш эҳтимолининг барча аспектлари ўрганиб чиқилмоқда», деган.
* * *
8 февраль куни пойтахт Тошкент ўз логотипини топган кун сифатида тарихда қолди. MA’NO Branding агентлиги яратган логотип марказида Т ҳарфи ифодаланган бўлиб, унда пойтахт дарвозаси ҳам акс этган. Логотипнинг хусусияти кўплаб ҳолатларга универсал тарзда мослаша олишидир. Ранги ўзгариши, ҳар қандай шаҳар муҳитига, жумладан, музейлар, боғлар, давлат хизматлари ва бошқа ички ва ташқи коммуникацияларга интеграциялашувини таъминлайдиган турли тематик нақш ва шаклларни олиши мумкин.
* * *
«Ўзбекконцерт» директорининг ишонтиришича, жорий йилдан бошлаб барча яккахон концерт дастурларининг 30 фоизи жонли ижрода ўтказилади. Шу тариқа, бир муддатдан сўнг ўзбек тингловчилари юз фоиз жонли ижро билан таъминланади. Фақат бу босқичма-босқич амалга оширилади. Азалдан санъацевар ўзбек халқи бу хабарни хуш қаршилаши табиий, фақат бу хабарнинг ва, албатта, хонандаларнинг ижросини кузатиш қолди холос.
Изоҳ (0)