Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида 50 минг доллар эвазига 6,5 гектар ер учун ҳоким қарорини ваъда қилган шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда «Дарё»га шаҳар суди судьяси Нодирбек Раимқулов маълум қилди.

Фото: Getty Images

2018 йилнинг 11 октябрь куни Наманган вилоят ИИБга Н.О. ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида 10-октябр куни молхона қуриш учун ер майдони ажратиш юзасидан Мингбулоқ тумани ҳокимлигига борганида, у ерда бўлган Х.М. ўзини тумандаги «Шуҳрат Абдулқосимович» номли фермер хўжалиги раҳбари деб таништирганлигини маълум қилган.

Х.М. унга ўзининг фермер хўжалигига тегишли бўлган 6,5 гектар ер майдонига молхона қуриш учун туман ҳокими қарорини чиқартириб беришини айтиб, эвазига 50 минг АҚШ доллари беришини сўраган.

Мазкур аризага асосан шу куни вилоят ИИБ ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида Мингбулоқ туманидаги акасининг «Шуҳрат Абдулқосимович» фермер хўжалиги иш юритувчиси бўлиб ишловчи Х.М. Наманган шаҳрининг Гўзал даҳасида ариза муаллифи Н.О.дан талаб қилинган пуллардан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Х.М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинади.

Судда Х.М.нинг содир этган жиноий ҳаракати ўзининг айбига қисман иқрор бўлиб берган кўрсатмасидан ташқари жабрланувчи, гувоҳлар, тадбир ўтказиш ва иш учун аҳамиятли бўлган ашёвий далилларни олиш баённомалари, Х.М. ва Н.О.нинг ўзаро суҳбати стенограммаси, олинган ашёвий далиллар ҳамда ишдаги мавжуд бошқа далиллар билан ўз исботини топди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида Х.М.га нисбатан 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.