«Дарё» таҳририятига «Ўзбекгеофизика» ходимлари ташкилотнинг бошқармаси ва унинг филиалларига 2018 йилнинг декабрь ойидан бери ойлик маошлар бермагани ҳақида мурожаатини эълон қилгандик.
«Ташкилот 2018 йил декабрь ойи учун иш ҳақи ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ойлик иш ҳақига қўшимча равишда давлат байрамлари (Конституция куни, Янги йил) муносабати билан ҳамда чораклик ва ходимларнинг кўп йиллик хизматлари учун қўшимча мукофот пуллари берилиши керак эди.
Тўлов миқдорларининг кескин ошиши, яъни икки баробарга яқин кўтарилиши ташкилотда вақтинчалик маблағлар танқислигини келтириб чиқарган. Шу сабаб ойлик маошларни ўз вақтида тўлаш имконияти бўлмади»— дейилади «Ўзбекгеофизика» расмий баёнотида.
Мурожаатдан сўнг, «Ўзбекгеофизика» ишчи-ходимларига ўтган йилнинг декабрь ойи учун ҳисобланган иш ҳақи ҳамда мукофот пуллари тўлиқ тўлаб берган.
Бундан ташқари, 2018 йил давомида дала шароитида ишлаётган жамият ходимларига тўланадиган устамалар ҳам мунтазам равишда тўлаб келинаётгани маълум қилинган.
Изоҳ (0)