«Ўзбекгеофизика» ходимлари томондан «Дарё»га йўлланган мурожаатда айтилишича, ташкилотнинг бошқармаси ва унинг филиалларига 2018 йилнинг декабрь ойидан бери ойлик маошлар берилмаяпти.
Ойлик маошлар пластик карточкага ойнинг 22—27-саналарида туширилган, бироқ декабрь ойлиги ташкилот ҳисоб-рақамида пул йўқлиги сабаб кейинги ойда берилиши маълум қилинган. Маълумотларга кўра, 2018 йилда очилган «Нефтгазгеология» тасарруфига ўтказилган «Ўзбекгеофизика» ҳисобига юқоридаги ташкилот пул ўтказмаган.
«Маош ойликлари 1 ой фарқ билан берилганми?» деган саволимизга «Ўзбекгеофизика» етакчи мутахассиси вазифасида ишловчи геофизик Шукуржон Исломов шундай деди:
«Йўқ, бундан ҳам ночор ҳолатлар бўлган. 4 йил олдин 4—5 ойгача кечикиш билан берилган, ташкилот ходимлари уёқ-буёққа ёзгандан кейин вақтида берадиган бўлган. 2 йил олдин «Ўзбекгеофизика» бирлашмасига янги бош директор тайинланганидан сўнг, бир оз ҳолат яхшиланиб, нисбатан қисқа муддатда бериладиган бўлганди. Аммо бу ерда яна бир жиҳатни айтиб ўтиш керак. Ташкилот ва унинг филиалларида жами 3 минг атрофида одам ишлайди, уларнинг тахминан ярмидан кўпроғи «полевой коэффициент» олади, яъни дала шароитида ишлаганлиги учун қўшимча пул тўланади. Шу «полевой» учун ишлайдиганлар ҳам анча-мунча топилади. Юқорида маош бир ой фарқи билан ўз вақтида берилаётган эди, дедим. Аммо бу «полевой»га тегишли эмас. Илгари, яъни 4-5 йил олдин маош ва «полевой» қўшиб бериларди. Ҳозир «полевой» икки йил орқада қолиб кетган. «Ўзбекгеофизика» ишчи-ходимларининг 13—14 ойлик «полевой»ларини тўлагани йўқ. Тахминан ҳисобланса, бир кишининг тўрт ярим миллион сўм атрофидаги иш ҳақи берилгани йўқ ва бу фақат «полевой», маош ундан алоҳида. Қолаверса, хизмат сафари тўловлари ҳам ўз вақтида эмас, хизмат сафарини тугатиб келгандан кейин 2-3 ой ичида берилади. Унгача ходим сафарда ўз чўнтагидан пул харажат қилади».
Ер қаъридан нефть ва газни қидириб топадиган геофизикларнинг ўринли эътирозларидан бири моддий таъминот билан боғлиқ. Ишчи-ходимлар асбоб-ускуналар, ишда энг зарур бўладиган кабеллар етишмаслигидан нолимоқда.
Ўзбекистон ҳудудидаги ўнлаб углеводород конларини очган корхонада тузукроқ рангли принтер йўқ.
Ходимлар ҳатто, оддий А4 қоғозни чиқаришга соз лазер принтер излаб юриши кераклигини айтишмоқда.
«Рангли принтер, рангли плоттер, кучли термоплоттерлар геофизикада жуда ҳам керакли ҳисобланади. Рангли плоттерда ер остининг структуравий хариталарини, ер устидаги 2D ва 3D ишларининг лойиҳалар харитасини, геофизик ишлар сифатини белгиловчи параметрик диаграммаларни (гистограмма, роза диаграмма ва бошқалар) чоп этилади.
Термоплоттерда эса сейсморазведка ишлари зарбалари натижасидаги сейсмограмма деб аталган тасвирларни тезкор чоп этишда фойдаланамиз, шунингдек сейсмик кесимларни чоп этамиз», – дейди Шукуржон Исломов.
Мустақиллик йилларида юздан ортиқ нефть ва газ конларини очган «Ўзбекгеофизика»га бўлган эътибор етарлича бўлмаганлиги боис, мутахассислар хусусий корхоналарга, чет эл ва хориж капитали билан ишлайдиган ташкилотларга ишга ўтиб кетмоқда.
«Дарё» мухбири мазкур масалага изоҳ сўраб «Ўзбекнефтгаз» АЖга мурожаат қилди.
Ҳозирда таҳририят расмий изоҳни кутиш билан чекланиб турибди.
Маълумот учун, «Ўзбекгеофизика» АЖ «Ўзбекнефтгаз» Акционерлик жамиятига бўйсунувчи бирлашма бўлиб, республика ҳудуди бўйича бешта филиали бор.
Изоҳ (0)