Москва Россия делегацияси Европа кенгаши Парламент ассамблеяси ишида қатнашмаган 3 йил учун тўланган маблағларни қайтариб олиши лозим. Бу ҳақда Давлат думаси спикери Вячеслав Володин маълум қилди, дея хабар беради «РБК».
«Биз бу юзасидан музокараларни бошлаш ва масалани кўндаланг қўйиш ниятидамиз. Гап катта маблағлар ҳақида кетмоқда, мамлакат учун улар ортиқчалик қилмайди», — таъкидлади Давлат думаси депутати.
Володинга кўра, 2014 йилда, Қрим Россияга қўшиб олинганидан сўнг мамлакат делагацияси Европа кенгаши Парламент ассамблеясида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Москва 2014 йилдан 2016 йилгача бу ташкилотга тўлиқ, 2017 йилда эса сумманинг учдан бири миқдорида бадал тўлаб келган.
Маълумот учун, Европа кенгаши бюджетининг энг йирик тўловчиларидан ҳисобланган Россия ташкилотга ҳар йили 32,5 миллион евродан пул ўтказиб келган.