Роппа-роса бир ой аввал «Дарё»да «Андижонда газ «заправка»ларидаги нархлар қонуний оширилганми? Уларни ким назорат қилади?» номли мақола эълон қилинган эди. Унда Андижон вилоятидаги ўнлаб газ қуйиш шохобчаларидаги ҳолат ҳақида сўз юритилиб, вазият юзасидан ҳайдовчиларнинг фикр-мулоҳазалари баён этилганди. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов яна мазкур мавзуга қайтиб, вилоятнинг туман ва шаҳарларида жойлашган газ «заправка»ларидаги нархлар қандайлигига қизиқди.
Аксариятида 2200 сўм, бирида 2000 сўм...
Айни пайтда Андижонга ташриф буюриб, қай бир юртдошимиз билан суҳбатлашманг, улар газ ва электр энергиясидаги муаммолар қаторида йўл кира ҳақининг ҳам оширилганини куюниб таъкидлаши шубҳасиз. Киракашларни саволга тутсангиз, газ «заправка»ларидаги нархларнинг осмондалигини рўкач қилади.Январь ойининг бошида Андижон вилоятидаги автомобилларга сиқилган газ (метан) қуйиш шохобчаларининг бир қанчасига ташриф буюриб, улардаги газ нархлари турлича эканлигига гувоҳ бўлгандик. Бу борада мутасадди ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда назоратни янада кучайтиришларига умид қилгандик. Орадан бир ой ўтиб, ҳолат қандайлигига қизиққанимизда деярли ўзгаришлар йўқлигини пайқадик.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ҳозирда Андижон вилоятида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) сони 51 тани ташкил қилади. Энг кўпи Андижон (11 та), Олтинкўл ва Асака (6 та) туманларига тўғри келади.
Суриштирув давомида Балиқчи, Булоқбоши, Улуғнор, Бўз туманларида 2200 сўм, қолган ҳудудларда эса фақатгина икки хил нархда — 2100 ва 2200 сўмдан етказиб берилаётганлигига амин бўлдик. Андижон шаҳридаги «чуқурлик» номи билан машҳур «заправка»да 1 куб газнинг сотилиш нархи 2050 сўм, Шаҳрихон туманидаги «Антекс» МЧЖда 2000 сўм эканлигини кўрдик. Бу иккала шохобчадаги нархлар вилоятдаги энг пастидир.
Вазият ўша-ўша: эски ҳаммом, эски тос
Солиқ тизимидаги ўзгаришлар баҳонасида газ «заправка»ларидаги босим билан биргаликда нархлар ҳам 300-400 сўмга (1850-1900 сўмдан 2100-2200 сўмга) оширилгани кенг муҳокамаларни юзага келтириб, аҳолининг жиддий эътирозини туғдирганди. Бунга ёнилғига нисбатан акциз солиғи жорий этилганлиги сабаб қилиб кўрсатилганда мутасадди ташкилот раҳбарларининг «2018 йил 1 ноябрдан газ нархи 11 сўмга ошиб, 1900 сўм этиб белгиланган эди. Ваҳоланки, 2019 йил 1 январдан бензин, дизел ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқнинг ўрнига акциз солиғи жорий қилиниши ҳисобига солиқ миқдори атиги 55 сўмга ошган, бу маҳсулот нархига таъсир қилмаслиги керак эди», деган изоҳи ҳам берилган. Шунингдек, давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати томонидан «Давлат солиқ қўмитаси ҳисобида, 2019 йилнинг 1 январидан амалдаги солиқ концепцияси доирасида 1 метр куб метан газнинг нархи бор йўғи 210 сўмгача ошиши ҳам инобатга олинган. Жумладан, газ учун акциз солиғи киритилиши ҳисобига 55 сўм, ягона солиқ тўлов ўрнига қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк, ер солиғи ва фойда солиғи киритилиши натижасида 155 сўм ошиши мумкин эди. Бундан кўриниб турибдики, даромадлилик ва рентабеллик даражасини юқори миқдорларда сақлаш мақсадида айрим газ тўлдириш шохобчалари асоссиз равишда нархларни оширишга уринмоқда. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан асоссиз равишда нархларни оширишга уринадиган «тадбиркорлар» фаолияти назорат қилиб борилади», мазмунидаги маълумотлар ҳам омма эътиборига ҳавола этилганди.Шундан сўнг ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда Фарғона ва Наманган вилоятлари Давлат солиқ инспекцияси бошқармалари ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида мунтазам равишда мониторинг ўтказилаётгани тўғрисида мақолалар эълон қилинди. Натижада бугунги кунда Наманган вилоятида сиқилган газ нархи яна 3 хил кўринишга кела бошлади. Яъни 1850 сўмдан 2100 сўмгача сотилмоқда. Ҳар доимгидек «Эзгу ният сари» МЧЖга қарашли газ қуйиш шохобчаси кечқурун 1м3 газни 1790 сўмдан, кундузи эса 1850 сўмдан сотмоқда. «Gaz Fueling Station» МЧЖ шохобчаси 1м3 метан газини 1950 сўмдан етказиб бермоқда. Фарғона вилоятида ҳам метан газ нархлари 1950 сўмгача туширилмоқда. Андижонда эса (бармоқ билан санарли бир-иккита «заправка»лардаги нархларни инобатга олмаганда) вазият ўша-ўша: эски ҳаммом, эски тос.
Андижон вилоят давлат солиқ бошқармаси масъуллари билан боғланганимизда, улар «заправка»ларда мунтазам равишда тушунтириш-тарғибот ишларини амалга ошираётганликларини қайд этишди. Бироқ мазкур ташкилот вакиллари қўшни вилоятлардаги ҳамкасблари сингари Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг вилоятдаги ходимлари билан биргаликда тез-тез семинар-тренинглар, мониторинг тадбирлари ўтказишганида вазият аллақачон юмшаган бўлиши мумкин эди.
Молия вазирлигининг санкция қўллаётгани қанчалик рост?
Айтишларича, Молия вазири Жамшид Қўчқоров салкам бир ойдан бери ҳар ҳафтанинг икки кунини аҳоли, айниқса, ишбилармонлар билан учрашиб, нарх-навонинг юқориламаслиги, фуқаролардаги норозичилик кайфиятини яхшилаш мақсадида Андижондаги туман ва шаҳарларда суҳбатлар ўтказмоқда. Шу ўринда кўплаб саволлар туғилади: хўш Молия вазири январь бошидан буён газ «заправка»ларига эга андижонлик тадбиркорлар билан ҳам суҳбатлар ўтказаётган экан, нега унда метан газлар нархида жиддий ўзгаришлар йўқ? Жамшид Қўчқоров вилоятга ташрифи чоғида нималар қиляпти, қандай ўзгаришларга ҳисса қўшаяпти? Нима учун Молия вазирлигининг матбуот хизмати вазир ташрифи ҳақида интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда мунтазам маълумотлар бериб, аҳолини хабардор этиб бормаяпти? Ўзбошимчалик билан нархларни оширган газ қуйиш шохобчаларига Молия вазирлиги санкция қўллаётгани қанчалик рост? Агар бу амалда мавжуд бўлса, нега нархлар Наманган ва Фарғонада арзону Андижонда ўша-ўша?Ҳокимбувалар ҳам тадбиркорлар билан жиддий суҳбатлар ўтказаяптими ўзи? Улар йўл кира нархларининг кўтарилганидан хабардорми? Иш, ўқиш ёхуд бошқа ишлар туфайли ҳар куни чекка қишлоқдан шаҳар марказига қатнаб, топган даромадининг ярмини йўл кирага сарфлаётган, ойлик маошидан нолиб, кун кечираётган оддий халқнинг дардини қачон эшитишади? Тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамкорлиги қачон йўлга қўйилади?
Шу ва бошқа бир қатор саволларга юқорида номи зикр этилган мутасадди идоралар вакилларидан аниқ изоҳ беришларини кутиб қоламиз.
Биз эса мавзуга яна қайтамиз...