Адлия вазирлиги томонидан 15 февралга қадар бутун Республика бўйлаб ташкил этилаётган манзилли тарғибот тадбирларининг мақсади фуқаролар, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларга қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтиришдир. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Бунда, тарғибот тадбирлари икки йўналишда ташкил этилмоқда.
Биринчи йўналишда Халқ таълими вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, «Давергеодезкадастр» қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва уларнинг ҳудудий тузилмаларида ишловчи ходимларга соҳа фаолиятига оид қонунчилик моҳияти етказилиши билан бир қаторда уларнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари ҳам тушунтирилмоқда.
Иккинчи йўналишда эса турли аҳоли тоифалари ёшлар, тадбиркорлар, уй бекалари, пенсионерлар, меҳнат мигрантлари орасида тегишли қонун ҳужжатларининг мазмунини етказиш билан бир қаторда уларнинг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражаси ҳам мониторинг қилиб борилмоқда.
Шу мақсадда, вазирликнинг малакали мутахассислари, тажрибали педагог-профессорлардан иборат таркибда махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Манзилли тарғибот тадбирларини ташкил этишда қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказишда кўргазмали материаллардан фойдаланиш, схематик ифодалашни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, тадбирлар давомида ҳуқуқий тарғибот соҳасига масъул ходимларга манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади, уларга тегишли йўл-йўриқлар берилади.
Ҳозирда Тошкент шаҳри, Сирдарё, Навоий, Фарғона вилоятларида манзилли тарғибот тадбирлари бошлаб юборилди.
Изоҳ (0)