Ўзбекистонда ўтган йилда 432 та қотиллик жинояти рўйхатга олинди. Бу мазкур жиноят 2017 йилги (519 та) кўрсаткичдан 16,8 фоизга камайганлигини англатади. Бу ҳақда 30 январь, чоршанба куни ўтказилган брифинг давомида генерал-майор Қутбиддин Бурхонов баёнот берди, деб ёзади Sputnik.
Шундан оила-турмуш даражасидаги қотилликлар кўрсаткичи 2017 йилда 199 тани, 2018 йилда эса 160 тани ташкил этган.
Хусусан, ўч олиш мақсадида 2017 йилда 13 та қотиллик содир бўлган бўлса, ўтган 2018 йилда 9 та қотиллик рўйхатга олинган.
Рашк туфайли (эр-хотин бир-бирини рашк қилиши оқибатида) 2018 йилда 22 та қотиллик содир этилган ва 2 тага камайишига эришилган.
Яқин қариндошлар (ака-ука, опа-сингиллар) ўртасида ота-она ўтганидан сўнг мол-мулк талашиш натижасида 2018 йилда 9 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 6 тага кўп. 2017 йилда 3 та қотиллик жинояти содир этилган бўлса, 2018 йилда 9 та жиноят рўйхатга олинган.
Яқин қариндошлар ўртасидаги келишмовчилик туфайли содир бўлган қотилликлар сони: 2017 йилда 106 та бўлиб, 2018 йилда 86 тани ташкил қилган. Бошқа турли сабабларга кўра яқин қариндошлар ичида содир этилган қотилликлар: 2017 йилда 53 та рўйхатга олинган бўлса, 2018 йилда 34 та қайд этилган.
Эр томондан ўзининг қонуний турмуш ўртоғини ўлдирганлик ҳолатлари 2017 ва 2018 йилларда бир хил 62 та қайд этилган.
Хотин томонидан эрни ўлдириш ҳолати 2017 йилда 10 та бўлган бўлса, 2018 йилда 12 та рўйхатга олинган.
Қўшнилар ўзаро жанжал туфайли бир-бирини ўлдирганлик ҳолати 2018 йилда аввалги йилга нисбатан 5 тага камайган, яъни 5 та қайд этилган.
Ака-укалар ўртасида қотиллик ҳолати 2018 йилда 15 та қайд этилган бўлиб, бу 2017 йилгига нисбатан 10 тага кўпдир.
Яқин қариндошлар ичида бир-бирига нисбатан содир қилинган қотиллик 2017 йилда 112 та, ўтган йилда 66 тани ташкил қилган.
Изоҳ (0)