«Дарё» ҳафтанинг энг муҳим янгиликларини қисқача эслатиб ўтади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германияда сафарда бўлди. Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Бавария бош вазири, Бундестаг раиси, давлат президенти ва канцлери билан музокара ўтказди. Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи немис матбуотида кенг ёритилди.
* * *
Шаҳрихонлик Ҳасан табибнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишиш мақсадида «Дарё» мухбири суҳбат ўтказди. Ижтимоий тармоқлар қаҳрамонига айланган табибнинг фаолияти айримларда шубҳа ва истеҳзо пайдо қилган эди. Суҳбат давомида табибнинг айтишича, фаолияти ноқонуний эмас, йиллик декларация тўлаб келади. Бироқ унинг даволаш усули ҳақида Ўзбекистон табобат академияси раиси Иброҳимжон Асқаров «ўзи яхши, ақлли одамга ўхшади. Аммо қилаётган иши табобат талабларига умуман тўғри келмайди. У шу пайтгача кимларни қайси касалликдан халос этгани тўғрисида бизда аниқ маълумотлар йўқ», дея муносабат билдирди.
Шу ҳафтанинг ўзидаёқ Ҳасан табиб масаласига прокуратура аралашиб жарима солди ва фаолиятига чек қўйди.
* * *
Марказий Осиёда карате бўйича 6-дан қора белбоғ соҳиби бўлган биринчи спортчи, 1996—2006 йиллар оралиғида федерация президенти бўлган Нурхон Нафасовга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда МОҚ хабар тарқатди. Хабарга кўра, карате федерациясининг собиқ раиси маблағни мақсадсиз ва ортиқча ишлатгани, товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўйилгани аниқланган. Шу билан бирга МОҚ «ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги бирламчи маълумотлар ўз тасдиғини топди», деб ёзиши айрим нашрларда ҳақли эътироз уйғотди. Тергов босқичидаги ишни бу тахлит талқин этиш айбсизлик презумпсиясига зиддир.
* * *
Нукус туманида яшовчи Мурат Жумамуратов ва Наргиза Менглибекованинг фарзандлари сони олти нафарга етди. Оилада бирданига уч қиз эгизак фарзандлар дунёга келди. Эътиборлиси шундаки, олдинги сафар ҳам ушбу оилада икки эгизак туғилганди.
* * *
Бир гуруҳ йигитчаларнинг ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган ноинсоний ҳаракатига нуқта қўйилди. 2018 йилнинг ноябрь, декабрь ойларида бир тўда йигитларнинг кекса аёлнинг бошига челак кийдириб, мушт уриб йиқитгани тасвирланган видеолавҳа интернетда муҳокамалар, баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Ушбу воқеа 2018 йил май ойида, Самарқанд шаҳрининг Сиёб бозори яқинидаги «Шодиёна» савдо мажмуасида юз берган. Мажмуа сотувчилари бўлган йигитчалар бу ерда тиланчилик қилиб кун кечирувчи аёлни мазах қилиш мақсадида бу ишни амалга оширган. Зўравонларга нисбатан жиноят иши очилган, прокуратура назорати ўрнатилган эди. Ўтаётган ҳафтада иш кўриб чиқилиб, жиноятчиларга тегишли жазо тайинланди.
Изоҳ (0)