Сўнгги йилларда Ўзбекистонда меҳмонхона бизнеси яхши ривожланмоқда. Кўпчилик тадбиркорлар бошқа бизнеслари билан бир қаторда меҳмонхоналар ҳам очишга киришмоқда. Лекин ҳар соҳанинг нозик томони бўлганидек, меҳмонхона бизнесининг ҳам ташқаридан кўринмайдиган, бу иш билан шуғулланмаган одамнинг эътиборидан четда қолиши мумкин бўлган нозик тарафлари бор. Бу каби хусусиятларни бошидан эътиборга олмаслик меҳмонхона битиб бўлгандан кейин қимматга тушиши мумкин. HotelPro эксперти Дилшод Одилов «Дарё»га тақдим этган мақоласида ушбу бизнесга янги кириб келганларга ўз маслаҳатларини беради.
Бир нечта меҳмонхонанинг қурилиши ва очилишида қатнишгани натижасида меҳмонхона эгалари баъзи хатоларни кўп такрорлашини кузатдим. Кўпчилик инвесторлар билиб-билмай йўл қўядиган хатолардан баъзиларини кўриб чиқмоқчиман.
- Меҳмонхона концепциясини олдиндан белгилаб олмаслик.
- Сотиш ва маркетинг бўлими ҳозирча керак эмас!
- Бўлимлар менежерларининг кеч ишга олиниши.
- Меҳмонхона ускуналарининг менежерлар билан маслаҳатлашмасдан сотиб олиниши.
- Ходимларга шароит яратмаслик.
- Тренинг.
- Кадрлар билан ишлаш бўлими.
- Хўжалик юритиш зоналарини ўйламаслик.
- Яхши менежерлар ва ходимларни топиш осон деб ўйлаш.
«Менинг мавқеи баланд дўстларим кўп. Қариндошларим ҳам таниқли одамлар, кўп жойда вип-меҳмонлар сирасига киради. Улар билан биргалашиб меҳмонхонани тўлдириб оламиз». Меҳмонхона бизнесига кириб келаётган бизнесменлар орасида шундай фикрлайдиганлар кам эмаслигига гувоҳ бўлганман. Албатта, ўша назарда тутилган вип-меҳмонлар муассаса очилгач келади, хизматлардан фойдаланади, лекин кўпинча пул тўламайди. Чунки улар одатда меҳмонхона соҳибининг яқин дўстлари, ёки меҳмон қилинишга ўрганиб қолган машҳурлар бўлади. Уларнинг оқими келиб кетганидан кейин меҳмонхона бўшаб қолади.
Сотиш ва маркетинг бўлимининг кеч олиниши натижасидаги молиявий йўқотиш жуда катта бўлиши мумкин. Меҳмонхона очилмасидан камида 2-3 ой олдин сотиш ва маркетинг бўлими реклама ва имиж билан шуғулланиб, иш бошлаган бўлиши лозим. Меҳмонхонанинг турли электрон харита ва қидирув тизимларига жойланиши, сайтнинг ишлаб туриши ҳам меҳмонхона очилишидан аввал бажарилган бўлиши керак.
Кўпинча меҳмонхоналарга бўлим бошлиқлари очилишга жуда яқин қолганда ишга қабул қилинади. Асосий мақсад, менежерларнинг ойликлари каттароқ бўлгани туфайли, ишга кейинроқ қабул қилиш орқали пул тежаб қолишдир. Лекин ҳар бир бўлим менежерининг фикри инобатга олмасдан очилишга тайёрланган меҳмонхона очилишдан кейин ё баъзи кичик қайта қуришларни амалга оширади, ёки йўл қўйиб бўлинган, тузатиш анча қимматга тушадиган хатолар ва ноқулайликлар билан ишлашда давом этишга мажбур бўлади.
Меҳмонхона эгалари аксарият ҳолларда ўз эҳтиёжи ва қарашига мос ускуналарни сотиб олиб, ўзи қулай деб ҳисоблаган жойга ўрнатади. Менежерлар келиб, фикрини айтганда, бошқатдан сотиб олиш ёки ниманидир алмаштиришга кеч бўлган бўлади. Натижада ишчилар ва меҳмонлар учун ноқулай шароит юзага келади. Мен хоналарга кераксиз жиҳозлар олингани, мебелнинг уйдаги узоқ муддатли яшовчилар учун тайёрлангандек катта ва кераксиз тортмалар билан тайёрлангани, ошхона жиҳозларининг ишлашга ноқулай, лекин энди ўзгартириб бўлмайдиган шаклда жойлаштирилгани каби ҳолларга кўп гувоҳ бўлдим. Ресепшнга ноқулай бек-офис қилиниши ёки умуман бек-офисни ўйламаслик, кирларни ювиш жойида қуритиш, сақлаш ва дазмоллаш масаласининг тўғри ўйланмаслиги ҳам шулар жумласидандир.
Меҳмонлар учун энг қиммат ва замонавий шароитлар яратиб, чиройли, шинам хона ва ресторанлар тайёрлаган билан, ходимларнинг овқатланишига, кийим алиштиришига ва инсоний эҳтиёжларини қондиришга яхши шароит яратиб берилмаган бўлса, ходимлар қандай кайфият билан ишлайди? Ходимларнинг яхши овқатланиши, озода юришига қанча яхши шароит яратилса, улар буни ишда шунчалик оқлаб беради.
Ходимларга иш ўргатиш заруриятини, малакали тренерлар таклиф қилишнинг фойдасини ҳар бир меҳмонхона эгаси тушунади. Лекин ҳамма ҳам иш бошлашдан олдин тренерларга мурожаат қилавермайди. «Бошқарувчи олдим, ўшанинг ўзи ходимларга иш ўргатиб олади», деган фикр бўлади. Аммо яхши бошқарувчи ҳар доим ҳам яхши тренер бўлавермайди.
Кадрлар билан ишлаш ходимисиз иш бошлаш катта муаммоларнинг бошланиши бўлади. Ходим ишга олинаётганда бажариши керак бўлган вазифаларнинг, ҳақ-ҳуқуқларининг тўлиқ тушунтирилмаслиги сабабли келиб чиқадиган муаммолар жуда кўп. Иш берувчи сал ишлар юришгандан кейин ишчиларни яхшироқ рағбатлантиришни ўйлаб қўйгани билан иш бошлаган ходим иш берувчининг хаёлида бор бир қанча рағбатлантиришларни ҳали билмай, ишидан норози бўлиб, энди иш ўрганаётган пайтда кетиб қолиши мумкин.
Ходимлар учун ҳожатхоналар, душ хоналари, емакхона, хаускипинг, техник бўлим, ресторан менежери, бош ошпазларга офис сифатидаги кичик бўлса ҳам хоналар ажратилмаслиги, қаватларда кичик складлар тайёрлаб кетилмаслиги, складларнинг етишмаслиги ҳам муаммолар қаторига киради.
Қуйида меҳмонхона эгаларидан эшитиш мумкин бўлган баъзи янглиш фикрларни келтираман:
«Уйимизни тозалаб юрадиган жуда яхши аёл бор, ўшани хаускипинг-менежер сифатида ишга қабул қилайлик»;
«Бухгалтерга бош оғритиб ўтирманг, 10 йилдан бери менга тегишли улгуржи савдо фирмасини юритаётган бухгалтерим бор, ўша қилаверади».
«Бош менежерликка ўғлимни (қизимни, жиянимни, дўстимнинг ўғлини) тайинлаймиз, калласи зўр, сал тушунтирворилса бемалол эплаб кетади»;
«Кадрлар бўлимига бир танишим бор, одамлар билан гаплашишни қойиллатади, ўшани ишга олинг».
Бундай кадрлар, биринчидан, малакали бўлмайди, иккинчидан, таниш ёки қариндош бўлгани учун уларга бозор нархидан баланд ойлик беришга ҳам тўғри келади. Энг тўғри йўл ҳар бир позицияга танлов асосида ходим қабул қилиш ва иш бошланишидан олдин ўша ходимлар учун тренинг ўтказишдир.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)